Лицейда «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди
Навоий давлат педагогика институти қошидаги Академик лицейда вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари учун «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Умумтаълим мактабларининг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга чуқур тайёрлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 650 нафар 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда ушбу даргоҳда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди ҳамда таълим-тарбия жараёни билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий давлат педагогика институти томонидан лицейнинг моддий-техник базасини яхшилаш, мақсадида 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, вебинар хона учун интерактив электрон доска, PTZ камера, аудио спикерфон, стол-стуллар, шунингдек, 5 та интерактив электрон доска, 3 магнитли маркер доска, 35 та компьютер, кимё, физика, биология хоналари учун лаборатория жиҳозлари харид қилинган.
Тадбир сўнгида ўқувчилар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича синов тестларини топширди.
Абдували Бўриев, ЎзА