Лавров Украинанинг ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш таклифини рад этди
Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси юқори даражадаги ҳафтасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича йиғилишида нутқ сўзлади.
Чиқиши давомида у Украинанинг ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш таклифини рад этди.
РФ вакили таъкидлашича, бундай ташаббус Европага “нафас ростлаш ва Украинанинг тугаб қолган ҳарбий захирасини тўлдириш” имконини беришга қаратилган.
Шунингдек, Россия ташқи сиёсат идораси раҳбари АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио билан учрашуви тафсилотини ҳам маълум қилди. Россия ТИВ матбуот хизмати Лавровнинг сўзларидан қуйидаги иқтибосни келтирган:
– Россия Украина билан урушда ўз мақсадига эришишга сўзсиз содиқ. Жумладан, низони бартараф этиш, можарони сиёсий ва дипломатик ечим орқали ҳал этиш тарафдори.
Томонлар Яқин Шарқ, Жанубий Кавказ, Лотин Америкаси ва Кариб денгизидаги вазият ҳамда айрим кўп томонлама институтлар томонидан халқаро ҳуқуқдаги ноқонуний амалиётга қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
С.Раҳимов, ЎзА