Куз-қишга тайёргарлик авжида
2023-2024-йилларда куз-қиш мавсумини яхши ўтказиш мақсадида кўрилаётган чоралар, ҳудудда энергияни тежаш учун қуёш панелларини ўрнатиш жараёнлари билан танишиш мақсадида Бекобод шаҳрида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Ҳозир Бекобод шаҳридаги 35 маҳалла бўлиб, аҳоли сони 102 минг нафарни ташкил этади. Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 2,1 минг тонна захира яратилиши белгиланган. Шунингдек, 360 тонна кўмир, 31 тонна суюлтирилган газ, 35 километр электр тармоқлари ва 25 та трансформатор ҳолатини яхшилаш бўйича ишлар қизғин паллага кирган. Шаҳар ҳокими Насрулла Бабаев журналистларга бу ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, жойлардаги 491 та кўп қаватли уйга 7 бошқарув сервис компаниялари томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Ҳудуддаги мавжуд 6 та уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
[gallery-13129]
Ичимлик ва оқова сув қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2 километр режа қилинган бўлиб, бугунгача 60 фоизида реконструкция ишлари тугатилган. Шаҳарга қуёш панели ўрнатиш юзасидан ижтимоий соҳа объектлари томонидан 78 қуёш панели ўрнатилди. Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан 40 та, аҳоли хонадонларига 463 та суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчалари томонидан 4 та ва автобензин шохобчалари томонидан 5 та қуёш панелларини ўрнатиш бўйича режа топшириқлар бажарилмоқда. Бугунги кунга келиб ишлар 80 фоизга бажарилган.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари фойдаланишга топширилган бир қатор янги объектлар билан танишди. “Янги ҳаёт” МФЙдаги янги тиббий пункт 3 минг 472 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шаҳар фаоллари қатнашиб, мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Ҳозирги кунда 1 нафар оилавий шифокор ва 4 нафар оила патронаж ҳамширалар мазкур маҳалла аҳолиси учун хизмат кўрсатмоқда.
Шунингдек, пресс-тур давомида ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар, кўчалардаги мавжуд шароитлар ўрганилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.