Куз-қиш мавсумига тайёргарлик
Андижон вилоятида 256 мингдан зиёд табиий ҳамда 473 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд. Уларга белгиланган тартиблар асосида табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Хусусан, жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан комплекс чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, зарур амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича 2,6 километр газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 5,6 километр газ қувурини реконструкция қилиш режалаштирилган. Шу кунга қадар белгиланган ишлар 35 фоиз амалга оширилди, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Раҳматилло Темиров. – Таъмирлаш ишлари шу йил сентябрь ойи охирига қадар якунланиши белгиланган.
Ҳозирда мавжуд газ тақсимлаш қурилмалари тартибга келтирилиб, махсус сим тўсиқлар билан ўралиб бўялмоқда, умуман, уларнинг хизмат муддатини янада узайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тармоқларни қайта реконструкция қилиш режасига кўра, жорий йилда 5,6 километр узунликдаги тармоқнинг хизмат муддати янада узайтирилади. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларда, айниқса, Пахтаобод, Избоскан, Жалақудуқ ҳамда Асака туманларида намунали тарзда олиб борилмоқда. Масалан, шу кунларда Жалақудуқ тумани Ҳасанқовоқ, Гулистон, Навоий, Бозорбоши, Ғозичек маҳаллалари йўналишидаги 3,5 километрлик ер усти ўрта босимли газ тармоғининг 2,1 километр қисмини, шунингдек, Асака туманидаги Ҳамдўстлик, Барака, Бирдамлик, Муқумий, Беруний, Амир Темур маҳаллалари ўрамидаги 5,9 километр масофадаги ер ости ўрта босим газ тармоғининг 3,5 километр қисмини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-13062]
Шунингдек, жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоят бўйича 205,1 километр узунликдаги ер ости газ қувурлари ҳолатини махсус асбоб ёрдамида текшириш белгиланган. Ҳозиргача мутахассислар томонидан 199,5 километр газ қувурларининг ҳолати текширилиб, режа 97,2 фоизга бажарилди. Бу борадаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Истеъмолчиларга табиий газни етказиб беришда нафақат газ қувурлари, балки газ тарқатиш қурилмалари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу кунга қадар вилоятдаги мавжуд 1 минг 970 дона газ тарқатиш қурилмаларидан 1 минг 372 таси соҳа ходимлари томонидан техник кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилмоқда. Туманлардаги 12 та газ тақсимлаш қурилмаси мукаммал таъмирланди.
Масалан, Балиқчи туманида ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Жумладан, тайёргарлик жараёнида 1 та газ тақсимлаш қурилмаси мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлса, қолган қурилмалар техник кўрик ва жорий созловдан ўтказилмоқда.
Вилоятда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни суюлтирилган газни бир маромда етказиб бериш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Вилоятдаги барча газ тўлдириш шохобчаларида тайёргарлик ишлари якунига етказилди. Жумладан, “Асака”, “Шаҳрихон” ва “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаларида қўшимча газ қуйиш колонкалари ўрнатилди. Натижада маиший газ баллонларга газ тўлдириш 30 фоизга тезлашди.
Бундан ташқари, истеъмолчилар орасида маиший газ баллонлари ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Хўжаобод, Избоскан туманларида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринлидир.
Аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бераётган мутахассислар аҳоли хонадонларига кириб, суюлтирилган газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича фуқароларга кенг маълумотлар, зарур тавсиялар бермоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА