Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлигида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини ўрганиш учун кенг қамровли текширувлар олиб борди. Унда энергетика ва коммунал хизматлар ташкилотлари барқарор ишлашга тайёрлангани, қиш мавсумидаги аварияларнинг олди олингани, содир бўлган ҳолатларда эса уларнинг оқибатлари тезкорлик билан бартараф этилиши ва авария тиклаш гуруҳларининг ҳаракатланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.
Гулистон шаҳрида ўтказилган назорат тадбирлари доирасида “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ га қарашли марказий иситиш қозонхоналари (Гулистон шаҳри РК-1 ва РК-2, Боёвут тумани РК-1 ва Янгиер шаҳри РК-1 ҳолати, Янгиер шаҳридаги Телекоммуникация боғламаси, электр, газ ва ичимлик суви ташкилотлари ҳамда Ховос туманидаги коммунал хизматлар текширилди. Навбатчи-диспетчерлик хизматлари, авария-тиклаш бригадалари ва захира сақлаш омборхоналари ҳолати ҳам алоҳида ўрганилди.

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали Марказий захира омборхонасидаги ресурслар, Гулистон шаҳар электр тармоқларининг навбатчи-диспетчерлик хизмати ва авария-тиклаш бригадалари, “Ҳудудгаз Сирдарё” ГТФ Гулистон шаҳар газ таъминоти бўлими навбатчи-диспетчерлик хизмати ва авария-тиклаш бригадалари ҳамда “Сирдарё сув таъминоти” МЧЖ навбатчи-диспетчерлик хизмати ва махсус муҳандислик техникаларининг тайёргарлик ҳолати текширилди.

Ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари, энергетика инфратузилмаси ва кўп қаватли уй-жойлар фондида барқарор ишлаш ва хавфсиз иситиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи гуруҳ масъул идораларнинг техник жиҳатдан барқарорлиги, махсус техника ва зарур материаллар захирасини текширди, тизимлар ва қурилмаларнинг ҳолатини баҳолади.

– Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолар муҳокама қилинди ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди, – дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Даврон Сулаймонов. – Шунингдек, авария-тиклаш ва мурожаатларни бартараф этиш тизими қайта назоратдан ўтказилди, тезкор ҳаракат гуруҳларининг навбатчилиги кучайтирилди. Масъулларга техник жиҳатдан мустаҳкамланиш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Масъулларнинг таъкидлашича, барқарор энергия таъминоти ва иситиш тизимларининг самарали ишлаши аҳоли ҳаёти ва иқтисодий фаолият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, куз-қиш мавсумида ҳар қандай фавқулодда ҳолатларга тез ва самарали реакция қилиш, аҳолига хавфсиз хизмат кўрсатиш масалалари доимий назоратда бўлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири