Кутубхона — мамлакат тараққиётининг муҳим миллий ресурси
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон кутубхоначилик соҳаси мутахассислари иштирокида «Кутубхона замонавий инсон ҳаётида. Россия ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги профессионал ривожланиш дастури доирасида «Кутубхона — мамлакат тараққиётининг муҳим миллий ресурси» мавзусида тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Россия ва Ўзбекистон кутубхоначилиги соҳасида шаклланган илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, соҳанинг замонавий тенденциялари ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш, шунингдек, икки мамлакат кутубхоналари ўртасидаги касбий ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Россия кутубхоначилик соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этиб, кутубхона тизимининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, кутубхоналарнинг давлат ва жамият ҳаётидаги стратегик аҳамияти, хорижий адабиётлар билан ишлаш тажрибаси, ёшлар аудиторияси билан замонавий мулоқот усуллари ҳамда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимотлар ўтказди.

Маърузалар давомида Россия кутубхоналарининг давлат аҳамиятига молик жиҳатлари, Россия давлат ёшлар кутубхонасининг ёшлар билан ишлаш борасидаги тажрибаси, Россия Давлат оммавий тарихий кутубхонасининг тарихий манбаларни сақлаш ва илмий муомалага киритишдаги фаолияти, шунингдек, хорижий адабиётлар кутубхоналарининг ахборот-маърифий имкониятлари хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тақдимотлар жараёнида кутубхоналарнинг жамият интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди. Замонавий кутубхона нафақат китоб ва ахборот манбаларини сақловчи маскан, балки инсоннинг билим олиши, ижодий ва интеллектуал ривожланиши, касбий кўникмаларини ошириши учун муҳим ижтимоий-маърифий макон сифатида намоён бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, ёш авлодни китоб мутолаасига жалб этиш, уларнинг ахборотдан самарали ва тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда кутубхона хизматларини такомиллаштириш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир иштирокчилари кутубхоналарнинг замонавий ижтимоий институт сифатидаги вазифалари кенгайиб бораётганини, бу эса соҳада янги хизмат турлари, рақамли ресурслар, инновацион ёндашувлар ва фойдаланувчилар эҳтиёжларига мос замонавий форматларни жорий этишни тақозо этаётганини таъкидлади.
Тақдимотлар якунида иштирокчилар ўртасида савол-жавоб ва очиқ мулоқот ташкил қилиниб, кутубхоначилик соҳасидаги долзарб масалалар, мавжуд тажрибалар ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Бундай профессионал мулоқотлар икки мамлакат мутахассислари ўртасида янги касбий алоқаларни шакллантириш ва мавжуд ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Тадбир якунида россиялик меҳмонлар учун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бўйлаб махсус экскурсия ташкил этилди. Экскурсия давомида меҳмонлар кутубхона фондлари, замонавий инфратузилмаси, ахборот-ресурс марказлари, электрон ресурслар ҳамда фойдаланувчиларга кўрсатилаётган замонавий хизматлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, кутубхонанинг илмий-маърифий ва маданий йўналишлардаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА