Кутубхона кўпайса, китобхон ҳам кўпаяди
Китоб дунёни қутқаради дейдилар. Аммо бугун китобхонликнинг фойдаси борасида кўп гапирилаётгани, бонг урилишига қарамай смартфону компьютерга муккасидан кетган авлод шаклланаётгандек, гўё. Аммо ҳеч ким китоб ўқимай қўйди, деб айтишдан йироқмиз. Бу борадаги ижобий ишлар эришилаётган натижаларда намоён бўлмоқда.
Масалан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги кутубхона яқин-яқингача хароба бинода қўним топган, бирор фалокат туфайли ўн минглаб китоблар йўқ бўлиб кетиш хавфи муқаррар эди.
Давлат раҳбарининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада оширишга қаратилган ташаббусига асосан Шаҳрисабздаги кутубхона ҳам назардан четда қолмади. Ўтган йилнинг апрель ойида кутубхона Кулоллик маҳалласидаги янги, замонавий бинода фаолият бошлади. 20 минг дона китоб китобхонлар учун ҳозирланди.
[gallery-10440]
Маълумотларга кўра, ўтган йилда 16 минг киши кутубхона хизматидан фойдаланган. Эътиборлиси, уларнинг 10 мингга яқини ёшлардир. Кутубхоначилар ўз фаолият доирасида таниқли ижодкорлар ижоди бўйича 25 та библиографик қўлланма, 68 та библиографик шарҳ тайёрлаган. “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Энг яхши китобхон мактаб”, “Зукко китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” танловлари, ижодий учрашувлар, китоб ярмаркалари ўтказилиб, минглаб киши қамраб олинган.
– Китобхонларга библиографик хизматлар кўрсатиш билан бирга ижтимоий тармоқларда ҳам турли канал, гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйганмиз, – дейди ахборот-кутубхона маркази фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари Нилуфар Улуғмуродова. – Бунда сўралган китобларнинг электрон вариантини топиб берамиз, янги адабиётлар билан таништириб борамиз, машҳур асарлар бўйича турли викторина, танловлар ҳам ўтказиб борилади. Жумладан, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан турли лойиҳаларни йўлга қўйганмиз.
Албатта, кутубхоналар ва уларга мос равишда китобхонлар ҳам кўп бўлиши кенг тафаккурли авлод вояга етаётгани, тараққиётдан далолат. Зеро кутубхона маърифат ўчоғидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА