Курсантлар қутқарувчи-ғаввослар фаолияти билан танишди
Маълумки, қутқарувчи-ғаввослар сув ҳавзаларида инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва сув остида қидирув-қутқарув ишларини олиб боришга ихтисослашган юқори малакали соҳа вакилларидир. Бу касб эгалари жисмоний чидамлилик, кучли руҳият ва махсус техник кўникмаларни талаб қилувчи хавфли шароитларда ишлайдилар.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида курсантлар, магистратура тингловчилари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида “Сув остида қидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш ва ўтказишда ғаввос-қутқарувчининг тактикаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси “Чирчиқ” махсус қутқарув отряди командири, майор Умиджон Тўлаганов ҳамда ғаввос-қутқарувчи Бобуржон Малаев иштирок этиб, ўзларининг касбий фаолияти ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбирда сув остида қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этиш, қутқарувчи-ғаввосларнинг касбий-тактик тайёргарлигини такомиллаштириш ҳамда амалий тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш муҳимлиги хусусида муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, мулоқот давомида сув остида қидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш, вазиятни тезкор баҳолаш ва самарали тактик қарорлар қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, “Чирчиқ” махсус қутқарув отряди мутахассисларининг амалий фаолияти мисолида қидирув-қутқарув жараёнида қўлланилган тактик ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Самимий мулоқот давомида курсант ва магистратура тингловчилари мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, батафсил жавоблар олдилар. мутахассисларга миннатдорчилик билдирилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА