Кураш: Жиззахда иқтидорли спортчилар сараланди
Миллий спортимиз кураш бўйича Жиззах шаҳрида U-13 ёш тоифасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаси бир қатор иқтидорли спортчиларни кашф этиб берди.
Муросасиз ва қизғин баҳсларга бой тарзда ўтган мамлакат кубоги беллашувларида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ёш курашчилар ўз вазн тоифаларида ғолибликка даъвогарлик қилди.
Мусобақада 590 нафар ёш спортчи, жумладан, 365 нафар ўғил ва 225 нафар курашчи қизлар куч синашди.

Мусобақалар сарҳисобига кўра, умум жамоада Жиззах вилояти терма жамоаси 1-ўринни, Тошкент шаҳри вакиллари 2-ўринни, Тошкент ва Сурхондарё жамоалари кейинги поғоналарни банд этди.
– Ҳар бир беллашувда ғалаба учун кескин кураш кечиб, ёш спортчилар ўзларининг салоҳияти ва келажакда юқори натижаларга эришиш имкониятларини кўрсатди. Мусобақаларни турли ёш тоифалари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг селекционер мураббийлари кузатиб боришди. Мақсад, терма жамоаларга муносиб номзодларни саралаш, мамлакатимиздаги маҳорат мактабларига иқтидорларни танлашдан иборат бўлди,– дейди Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов.

Ўзбекистон кубогида ғолиб ва совриндорликка эришган спортчилар, жамоаларга медал, диплом, эсдалик совғалари ҳамда мусобақа кубоги тантанали равишда топширилди.
Т. Рўзиев, ЎзА