Кураш бўйича Ҳиндистон чемпионати ўтказилди
Миллий спортимиз кураш дунёнинг кўплаб давлатларида кенг ривож топаётгани ўтказилаётган халқаро турнирлар, чемпионатлар мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Куни кеча Биҳар штати Патна шаҳрида ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги Ҳиндистон чемпионати ўзбек спорти курашнинг ҳинд диёрида қанчалик оммалашиб бораётганини кўрсатди.
Уч кун давом этган чемпионатда мамлакатнинг 22 та штатидан 674 нафардан зиёд спортчилар кураш гиламида ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун беллашди.
Ўзбекона спорт атамалари асосидаги баҳсларни ҳиндистонлик 35 нафар малакали ҳакамлар бошқариб борди.
Мусобақаларни кузатиб борган Халқаро кураш ассоциацияси техник директори, Ҳиндистон кураш федерацияси президенти Рави Капур чемпионат орқали истиқболли спортчиларни аниқлаш билан бир қаторда, курашнинг жозибасини кенг ёйиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Айтиш лозим, миллий спортимиз кураш Ҳиндистон спорт тизимидаги муҳим яккакураш турларидан бири саналади.
Т.Рўзиев, ЎзА