Кун тартибидаги муаммонинг ечими фақат глобал мулоқотда!
“Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми доирасида анжуманнинг асосий ташкилотчиларидан бири - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов мавзунинг долзарблигини таъкидларкан, шу билан бирга муҳокама марказидаги масалалар ечими бўйича аниқ таклиф, фикр-мулоҳаза билдирди:
- Барча динлар, турли эътиқодга мансуб кишилар ўртасида яқин мулоқот йўлга қўйилиши бутун одамзот тараққиётига, ер юзидаги барча кишилар учун бирдек таниш бўлган умуминсоний қадриятларни янада теранроқ тушуниш ва англаб етишга, бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. Шунинг учун ҳам диний ва маданий ранг-барангликни ҳурмат қилиш, бағрикенглик, мулоқот, ўзаро бир-бирини тушуниш, турли маданиятлар, цивилизациялар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу бутун дунё бўйлаб умумий мақсадларни амалга ошириш, ижтимоий адолат ўрнатиш, дўстлик, инсон ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш, жаҳолат ва зўравонлик амалиётини бутунлай йўқ қилишга эришишга кўмаклашади. Айни йўналишда инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилиши ва динлар ранг-баранглиги ҳурмат қилиниши асосида бағрикенглик маданиятини рағбатлантириш бўйича глобал мулоқотни қўллаб-қувватлаш зарур. Мазкур жараёнда давлат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳамда нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятлари фаолияти муҳим ўрин эгаллайди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА