Ватанимиз тарихидаги 26 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
899 йил (бундан 1125 йил олдин) – Сомонийлар ҳукмдори Исмоил Сомоний Хуросондаги саффорийлар сулоласини ағдариб, Балх остонасида Амр ибн Лайс қўшини устидан ғалаба қозонди. Бу Исмоил Сомонийнинг энг катта муваффақияти эди. Тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг қайд этишича, ушбу воқеа ҳижрий 286 йил шаввол ойининг ўн еттинчи кунида, милодий 899 йил 26 октябрда содир бўлган.
1717 йил (бундан 307 йил олдин) – Россия императори Пётр I Бухоро хони Абулфайзхоннинг элчисини қабул қилди. Хонқули тўпчибоши бошлиқ61 кишидан иборат элчилар Бухородан Петербургга1716 йилда жўнатилган эди. Хонқули тўпчибоши ўша вақтда Пруссияда бўлган Пётр I нинг Петербургга қайтишини анча вақт кутди.
“Ўзбекистоннинг янги тарихи” асарининг иккинчи китобида қайд этилишича, қабул маросими пайтида шоҳларга хос одат бўйича Пётр I элчидан Бухоро хони Абулфайзхоннинг саломатлигини суриштирди. Шундан кейин Бухородан келтирилгансовға-саломлар топширилди. Хонқули тўпчибоши Абулфайзхоннинг ишонч ёрлиғини топширгач, асир этилган бухороликларнинг озод этилишини илтимос қилди.
Подшо ва унинг вазирлари Хонқули тўпчибоши қачонлардир Оренбург гарнизони капрали Андрей Родиков бўлганини эшитишган эди. Асир тушиб қолган бу зобит Хивада қул тариқасида сотилгани,Бухоро шаҳзодаси Абулфайз уни ўз хизматига олиб,армияда катта лавозимга қўйгани тарихини ҳам билишарди. Андрей Родиков ўз даражасига кўра генералдан ҳам юқори унвондаги Бухоро амалдори экани ҳам қизиқишни оширган эди.
Собиқ капрал энди Хонқули тўпчибоши номида қирқ йилдан сўнг ўз ватанида ўзга юртнинг элчиси сифатида турарди. Пётр I Бухоро элчиси билан қилган шахсий суҳбатида унинг бутун тарихини билиб олди ва унга ҳурмати ошди. Ўз бурчига содиқ бу рус зобитининг Бухоро хонига садоқати подшони ажаблантирди.
1930 йил (бундан 94 йил олдин) – қоракўлчилик соҳасидаги йирик илмий марказ – Каттақўрғон станцияси негизида минтақавий қоракўлчилик тажриба станцияси ташкил этилади. 1935 йилда ушбу тажриба станцияси Ўзбекистон қоракўлчилик илмий-тадқиқот институтига айлантирилади.
Орадан 4 йил ўтиб, 1939 йилдан Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-тадқиқот институти сифатида фаолият кўрсата бошлади.
1935 йил (бундан 89 йил олдин) – актёр, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримов дунёга келди (вафоти 2009 йил). У 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг аъзо мамлакатлари сафига қўшилди. Айнан мана шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ва ЮНЕСКО муносабатларининг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. 1994 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ташкил этилдива ушбу комиссия ташкил топган вақтидан буён Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда фаол иштирок этиб келди.
2001 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон метрополитенининг Тошкент шаҳри марказини Юнусобод турар жой массиви билан боғлайдиган 3-йўлининг 1-навбати – “Мингўрик”, “Юнус Ражабий”, “Абдулла Кодирий”, “Минор”, “Бодомзор”, “Ҳабиб Абдуллаев” (ҳозирги “Шаҳристон”) бекатлари ишга тушди.
2003 йил (бундан 21 йил олдин) – Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш Вазирлиги ва Халқаро гуманитар «Чегара билмасшифокорлар» ташкилоти тасарруфида 2-сонлиРеспублика сил касаллиги билан қарши курашиш шифохонаси очилди. Лойиҳанинг бошланишида 773бемор қабул қилиниб, уларнинг 435 таси даволаш курси натижали якунланди.
2013 йил (бундан 11 йил олдин) – шарқшунос олим Арминий Вамберига Хива аркида ёдгорлик тахтаси ўрнатилди. Тарихчи Юлдузхон Раҳмонованинг қайд этишича, Арминий Вамбери тадқиқотлари ўз даврида айрим мақсадлар учун амалга оширилган бўлса-да, XIX аср ўзбек хонликлари тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Унинг асарлари ўз давридаёқ деярли барча Европа тилларига таржима қилиниб, Марказий Осиё халқлари тарихи, маданиятини дунёга танитишда муҳим рол ўйнаган.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиядаги давлат ташрифи давомида Буюк миллат мажлисига ташриф буюрди. Буюк миллат мажлиси Туркия Республикасининг олий қонун чиқарувчи органидир. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Истанбул шаҳрига ташрифи чоғида Топкапи (Тўпқопи) саройини бориб кўрди. XV асрда қурилган мазкур тарихий мажмуа кўп асрлар давомида Усмонлилар сулоласининг саройи бўлган.1923 йил музейга айлантирилган.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади