Кун хабарлари қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 200 ўринли “Эркатой” мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 200 ўринли “Эркатой” мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман сектор раҳбарлари, мактабгача таълим соҳаси масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида қарийб 3 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган муассасада болажонларнинг пухта таълим-тарбия олиши учун барча замонавий шароит яратилган. Жумладан, 40 нафар тарбиячи-педагог ва бошқа хотин-қизлар бандлиги таъминланган боғча замонавий ўқув қуроллари, мултимедиа воситалари ҳамда ўйинчоқлар билан таъминланган.
***
Паркент туманида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида спорт мусобақаси ўтказилди.
Туман ҳокимлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 250 нафардан зиёд спортчилар белбоғли кураш, стол тенниси ҳамда шахмат-шашка тури бўйича ўзаро куч синашди.
Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Оҳангарон тумани сектор раҳбарлари туман ёшлари билан учрашди.
Учрашувда дастлаб, биринчи сектор раҳбари, туман ҳокими А.Турдибоев мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг моҳияти, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган асосий вазифалар мазмун-моҳияти хусусида сўз юритди.
Туманнинг умидли ёшлари билан бўлиб ўтган дилдан мулоқотда шунингдек, туман прокурори И.Қамбаров ва ички ишлар бўлими бошлиғи А.Алиасқаров ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, бу борада уларни турли тўгаракларга жалб этиш, илм олиш йўлида тинмай изланиш лозимлиги хусусида атрофлича фикр юритди.
Сектор раҳбарларининг ўқувчи-ёшлар билан мулоқотида ёшлар томонидан кўплаб таклиф ва ташаббус ҳамда муаммоли мурожаатлар билдирилди. Мурожаатларнинг аксарияти қишлоқ жойларда спорт иншооти қуриш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасидаги ёшларга имтиёзли кредитлар ва ер ажратиш, шунингдек, кам таъминланган оила фарзандларига кўмак бериш масалалари хусусида бўлди.
Ёшлар томонидан кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилди.
***
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида “Мен намунали оила фарзандиман” кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Ёш оила қурувчилар мактаби” ни тарғиб этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган мазкур танлов коллеж ўқувчиларининг оила, оиланинг муқаддаслиги, оила қадриятларини улуғлаш борасидаги билим ва тушунчаларини янада мустаҳкамламоқда.
Танловда тумандаги коллежларда таҳсил олаётган ўқувчилар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, Қўрғонтепа қурилиш коллежи ўқувчиси Жасурбек Йўлдошев биринчи ўринга сазовор бўлди.
***
Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида “Ҳоким ва ёшлар” деворий газетасининг илк сони тайёрланди.
Мактабнинг бир гуруҳ фаол ёшлари томонидан тайёрланган мазкур деворий газетанинг тайёрланиш жараёнида туман ҳокими Ўктам Машарипов иштирок қилиб, деворий газета рукнлари ва лавҳалари бўйича маслаҳатлар берди. Шунингдек, ҳоким газетанинг “Китоблар комилликка етаклар” рукни остида ўқувчилар ўзи тавсия қилган 10 та китоб рўйхатини ёзиб қолдирди.
“Ҳоким ва ёшлар” деворий газетаси эндиликда тумандаги барча мактабларда татбиқ қилинади.