Кучли фуқаролик жамияти – барқарор тараққиёт гарови
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: кучли фуқаролик жамияти – барқарор тараққиёт кафолати” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Унда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, вилоятда фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган. Хусусан, маҳалла институтига алоҳида урғу берилган. Маҳалла шунчаки маъмурий тузилма эмас, балки жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг энг қуйи ҳамда энг таъсирчан бўғини ҳисобланади.

Давра суҳбатида маҳалла уюшмаси, “Юксалиш” ҳаракати ҳамда ННТ раҳбарлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. Улар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг муваффақияти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки фуқароларнинг дунёқараши ва уларнинг мамлакат ҳаётидаги фаоллиги билан ўлчаниши таъкидланди. Шу билан бирга, мазкур стратегияда давлат ва ННТлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, экология ва ижтимоий ҳимоя каби соҳаларда ННТларнинг роли ва иштироки ортиб бораётганлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.
– Бугунги тадбирда жамоатчилик назорати нима ва у нега кераклиги ҳақида ҳам гаплашдик, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Шоира Ахунжонова. – Агар давлат идораларининг фаолияти жамоатчилик учун ёпиқ бўлса, у ерда албатта коррупция, суиистеъмолчилик ва лоқайдлик ривожланади. Шаффофлик бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди. Шу сабабли жамоатчилик назоратини амалга оширишда оддий фуқаролар ҳар доим ҳам тўғридан-тўғри давлат ташкилотларидан ахборот олиш ёки уларнинг хатосини кўрсатиш имконига эга бўлавермайди. Бу ерда ОАВ – журналистлар, блогерлар ва суриштирувчилар кўприк вазифасини бажаради. Бугун ижтимоий тармоқлардаги битта видео ёки пост катта тизимли ўзгаришларга, ноҳақ қарорларнинг бекор қилинишига ёки масъулиятсиз раҳбарларнинг ишдан олинишига сабаб бўлмоқда. Бу жамоатчилик назоратининг энг тезкор ва таъсирчан шаклидир. Зеро, эркин матбуот бор жойда адолат, адолат бор жойда эса фаровонлик ва ривожланиш бўлади.

Якунда иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланди.
А.Мусаев, ЎзА