Кучимиз бирлик ва меҳр-шафқатда
Тарих институти ходимлари “Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат жамғармасига бир кунлик иш ҳақини ўтказиб бердилар.
Тарих институти ходимлари “Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат жамғармасига бир кунлик иш ҳақини ўтказиб бердилар.
Ўзбеклар иродали халқ, бунга тарих гувоҳлик беради. Миллатимиз бутун инсоният сингари неча минг синовлар, ташвишларни бошидан ўтказмади, дейсиз. Ер юзи яралгандан қанчадан-қанча йўқотишлар юз бермади, дейсиз. Қайсидир халқ тўфондан, яна бири вулқондан қўрқиб яшайди. Яна кимдир ер қимирлашидан. Аммо соғлиқ билан боғлиқ хавфни одамларда ўзгача туядилар. Ўтмишда ҳам вабо, ўлат ва шунга ўхшаш юқумли касалликлар – эпидемия, пандемиялар бутун дунёга раҳна солган, кўплаб кишиларнинг ёстиғини қуритиб, ўзгача ваҳимага уйғотган. Олимлар, табиблар уларни бартараф этиш йўлларини излаганлар, топганлар. Пировардида, инсон бу каби синовли кунлардан ғолибона ўтолган.
Юрт бошига келган ташвишга оддийгина қараб туришнинг ўзи уят. Давлатимиз раҳбари шахсан бу борада куну тун жонбозлик кўрсатиб, барча зарур чораларни кўрмоқда. Бу эса юрагида юрт ва миллат тақдирига даҳлдорлик ҳисси бор ҳар бир инсонга келажакка ишонч ва умид туйғуларини янада кучайтиради. Барчамиз учун синовли ушбу кунларда биздан талаб қилинаётгани битта: уйда қолиш. Шуни ҳам эплай олмасак, биз учун уят бўлади, албатта. Биз ҳатто халқимизга бўлган катта ва кечириб бўлмайдиган хиёнат, деган бўлардик.
Тожли вирус тарқалиши муносабати билан туғилган вазиятда институт раҳбарияти давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, республика махсус комиссияси тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, жамоа аъзолари орасида тушунтириш ишларини олиб борди, тезкор ташкилий ишларни ташкил этди. Ёшлари улуғ, вояга етмаган болалари бор ходимларга алоҳида эътибор берилди. Касаба уюшмаси қўмитаси ва институт маъмурияти келишган ҳолда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, иш ҳақи, таътил пулларини ўз вақтида тўлаб бериш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрди. Ҳозирда олимларимиз меҳнат таътилидаликларига қарамасдан, ўз илмий фаолиятларини давом эттирмоқдалар, институт билан боғлиқ юмушларни эса онлайн тарзда олиб бормоқдалар.
Юрт бошига тушган синов – тожли вирус тарқалишига қарши курашиш, кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган миллий бирлик жараёнига ўз улушини қўшиш мақсадида Тарих институтининг барча илмий ходимлари ўз хоҳишлари билан “Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат жамғармасига бир кунлик иш ҳақини ўтказиб беришга қарор қилдилар ҳамда қисқа вақт ичида бунинг уддасидан чиқдик.
Кўз тегмасин, бугун жамоада ҳам, ҳар бир олим оиласида ҳам бирдамлик бор. Оилаларимиз ҳам карантин қоидаларига амал қилмоқда. Фарзандларимиз уйда дарсларини тайёрлаб, китоб мутолаасига меҳрлари янада ошмоқда. Фарзандларимизнинг дарслардан қолиб кетиши ҳақида ўйламасак ҳам бўлади. Улар телеканаллар орқали дарсларни тингламоқда, интернетдан вазифаларини билиб-билиб бажармоқда.
Бир нарсани унутмаслигимиз керак: бу хавфни бартараф этишимиз учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Халқимизда бирлашган ўзар, деб бекорга айтилмаган. Келинг биргаликда карантин қоидаларига амал қилайлик, хавфни биргаликда енгайлик.
Мухтор Шамсиев,
ФА Тарих институти Касаба уюшмаси қўмитаси раиси