Кубок ғолиблари аниқланди
Наманганда йиллик спорт мусобақалари тақвим режасига асосан Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш ва пара ўқ отиш турлари бўйича вилоят ҳокими кубоги учун мусобақанинг иккинчи босқичи ўтказилди.

Наманган шаҳар ўқув спорт техника масканига қарашли “Ўқ отиш” мажмуасида кечган ушбу мусобақада шаҳар ва туманлар жамоалари таркибида 115 нафар спортчи ўзаро куч синашди.
Қизғин ва муросасиз руҳда ўтган иккинчи босқич баҳслари якунларига кўра, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази жамоаси энг юқори натижани қайд этди. Наманган шаҳридаги 1-сонли ўқув спорт техника маскани жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи поғонадан эса, Тўрақўрғон тумани “ЎСТМ” жамоаси жой олди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев ғолибларга диплом ва медалларни топширди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА