Ку Юн Чхоль: Президентингиз мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда (+видео)
Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши давом этмоқда. Нуфузли халқаро анжуман доирасида қатор давлатлар вакиллари, молия институтлари раҳбарлари ҳамда етакчи экспертлар оммавий ахборот воситаларига интервьюлар бермоқда.
Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ЎзА мухбирига интервью берди:
– Мен сизнинг гўзал мамлакатингизга ташриф буюрдим ва очиғини айтсам, катта таассурот олдим. Бу ердаги ўзгаришлар, ривожланиш суръати ва айниқса, халқаро тадбирларга тайёргарлик даражаси жуда юқори. Осиё тараққиёт банки йиғилишига кўрилган тайёргарлик ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ. Бу Ўзбекистоннинг имкониятлари ва салоҳиятини намоён этмоқда, – деди вазир.
Ўзбекистоннинг ривожланишга бўлган ёндашуви ҳам диққатга сазовор. Президентингиз мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.
Ишонаманки, Ўзбекистон яқин келажакда ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилади. Бунинг учун барча зарур омиллар мавжуд. Айниқса, инфратузилма, биоиндустрия ва тиббиёт соҳаларига йўналтирилаётган инвестициялар жуда тўғри қарор.
Бу соҳалар нафақат иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки аҳоли фаровонлигини ҳам оширади. Тўғри стратегия орқали мамлакат янада бой ва барқарор иқтисодиётга эга бўлиши мумкин.
Кейинги йилларда Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланди. Биз стратегик шериклармиз ва бу муносабатлар янада чуқурлашиб бормоқда.
Кеча бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон Президенти бу алоқаларни янада юқори босқичга – “биродар давлатлар” даражасига олиб чиқиш ҳақида фикр билдирди. Бу жуда катта аҳамиятга эга. “Биродар давлатлар” тушунчаси ўзаро ишонч, яқинлик ва узоқ муддатли ҳамкорликни англатади.
Мен ишонаманки, келажакда икки мамлакат биргаликда янада катта ютуқларга эришади.
Биз асосан инфратузилма, биоиндустрия ва тиббиёт соҳаларига эътибор қаратмоқдамиз. Айниқса, тиббиёт йўналишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар жуда муҳим. Хусусан, болалар шифохоналари соҳасида эришилган натижалар юқори баҳога лойиқ. Энди янги босқич – катталар учун замонавий тиббиёт муассасалари ва онкология марказларини ривожлантириш масаласи кун тартибида турибди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида катталар шифохонаси ва саратон касалликлари марказини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Бу нафақат тиббий хизмат сифатини оширади, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг келажагига катта ишонч билан қарайман. Бу ерда катта салоҳият бор ва тўғри йўналишда ҳаракат қилинмоқда. Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки мамлакат учун ҳам фойдали бўлади.
Келажакда биргаликда ўсамиз, ривожланамиз ва янги имкониятларни яратамиз. Бу эса нафақат иқтисодий, балки ижтимоий тараққиёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/2fLwFfKe9xs?si=xfxDmYDwZN-AGJGq" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Мусулмон ЗИЁ,
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА