Кредитлар фаровонликка хизмат қилмоқда
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 11 мартдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит беришни кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки томонидан ҳам тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнес субъектларига қарийб 180 миллиард сўм, ўз бизнесини бошламоқчи бўлаётган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига эса қарийб 5,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилган. Бундан ташқари, тадбиркор хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган хўжалик субъектларига 35,1 миллиард сўм кредит йўналтирилган.
– Икки йил аввал банкдан 30 миллион сўм сармоя олиб, замонавий, кўркам пардалар тикишни йўлга қўйдик, – дейди Қувадаги “Leading Flower” хусусий корхонаси раҳбари Набияхон Мамажонова. – Фаолиятимиз ривож топиб, коллежни битирган беш нафар қизни иш билан таъминладик. Бугунги кунда ўсмирлар ва хотин-қизларнинг турли бичимдаги либосларига эҳтиёж ўсиб бораётганини ҳисобга олиб, 60 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли сармоя эвазига ана шу йўналишда янги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Яқинда бўлиб ўтган “BankEXPO – 2016” миллий кўргазмасида “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат банки “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар бўйича танлов ўтказди. Унда интенсив боғ яратиш, балиқчилик, чорвачилик, тикувчилик ва матолар, полиэтилен, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сервис хизматлари кўрсатиш, соғломлаштириш маркази ҳамда гўзаллик салонлари каби хизматларни ривожлантиришга қаратилган 180 дан ортиқ лойиҳа иштирок этди. Ғолиблар бешта номинация бўйича аниқланди.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор боис фаолиятимиз тобора кенгаймоқда, – дейди “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа” ғолиби, чимбойлик якка тартибдаги тадбиркор Дамир Абдуллаев. – Корхонамиз қурилиш ашёлари, жумладан, черепицалар, ёғоч маҳсулотлари тайёрлаш, уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланади. Банкдан олинадиган 100 миллион сўмлик сармоя эвазига кўплаб иш ўринлари яратиш ва маҳсулот турини кенгайтириш ниятидамиз.
– Хўжалигимизда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик ва боғдорчилик йўлга қўйилган, – дейди “Узоқ ва бориш қийин бўлган туманларда амалга оширилган энг яхши лойиҳа” номинацияси совриндори, Андижон вилояти Бўз туманидаги “Давр юксалиш сари” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Ҳакимов. – Албатта, бунда юртимизда мулк эгаларига яратилган имкониятлар ва банкларнинг молиявий қўллаб-қуватлаши қўл келмоқда. Банкдан олинаётган имтиёзли маблағ эвазига чўлдаги тўрт гектар еримизда сунъий кўл ташкил этмоқчимиз.
Айни вақтда “Қишлоқ қурилиш банк” тақдим этаётган кредитлар эвазига тадбиркорликни йўлга қўяётган ишбилармонлар сафи тобора кенгаймоқда. Бу эса халқимиз фаровонлигининг ва аҳоли бандлик даражасининг янада ошишига хизмат қилмоқда.