Кредит фоиз ставкалари пасайишда давом этяпти
Ўзбекистонда миллий валютада ажратилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкалари пасайиш тенденциясини сақлаб қолмоқда. Марказий банкнинг 2026 йил апрель ойи якунлари бўйича маълумотларига кўра, миллий валютадаги кредитлар учун ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, апрель ойида жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича ўртача ставка 20,4 фоиз, юридик шахслар учун эса 19,4 фоиз бўлган. Қисқа муддатли, яъни бир йилгача бўлган кредитлар эса ҳануз юқори фоизли сегмент сифатида қолмоқда. Хусусан, аҳоли учун бундай кредитларнинг ўртача ставкаси 25,6 фоиз, тадбиркорлик субъектлари учун эса 21,1 фоизни ташкил қилган.
Шу билан бирга, тижорат кредитлари бўйича ҳам маълум даражада пасайиш кузатилди. Апрель ойида мазкур кредитлар учун ўртача фоиз ставкаси 22 фоиз бўлган. Жисмоний шахсларга ажратилган тижорат кредитларида бу кўрсаткич 21,3 фоизга, юридик шахслар учун эса 22,6 фоизга тенг бўлди.
Айни пайтда имтиёзли кредитлар аҳоли ва бизнес учун нисбатан қулай молиялаштириш манбаи бўлиб қолмоқда. Ҳисобот даврида уларнинг ўртача фоиз ставкаси 9,3 фоизни ташкил этган. Жисмоний шахслар учун имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка 11,1 фоиз, юридик шахслар учун эса 8,9 фоиз даражасида қайд этилган.
Кредит ставкаларининг пасайиши инфляцион кутилмаларнинг ҳам камайиб бораётгани билан боғлиқ. Марказий банк маълумотларига кўра, апрель ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 10,6 фоизгача, бизнес субъектларининг кутилмалари эса 10,3 фоизгача тушган.
Миллий валютадаги кредитлар бўйича реал фоиз ставкаси жисмоний шахслар учун 8,8 фоиз, юридик шахслар учун 8,2 фоизни ташкил этган. Тижорат кредитларида эса мазкур кўрсаткичлар мос равишда 9,7 ва 11,1 фоизга тенг бўлган.
Чет эл валютасида ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 10,2 фоизни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоиз пунктга юқори ҳисобланади.
Экспертлар фикрича, кредит бозоридаги мазкур тенденция иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қарз маблағларидан фойдаланиш шартларини яхшилашга хизмат қилиши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА