Кўзи ожиз фуқароларнинг мурожаатлари доимо назоратда
Кўзи ожизлик – кўриш қобилиятининг йўқлиги. Сурункали кўрликнинг асосий сабабларига катаракта, глаукома, трахома ва болаларда кўз касалликлари кабилар киради. Ёш билан ривожланиб борадиган кўзи ожизлик, шунингдек назоратсиз диабет туфайли пайдо бўладиган кўзи ожизлик дунёда кенг тарқалган.
Статистикага кўра, дунё бўйлаб қарийб 253 миллион одам кўриш билан боғлиқ муаммога эга. Улардан 36 миллиони умуман кўра олмайди, 217 миллионида кўришнинг ўртача ёки оғир бузилиши бор. Кўз касалликлари 19 миллиондан ортиқ болага таъсир қилади. Бундан ташқари, кўриш қобилияти бузилганларнинг 82 фоизини 50 ва ундан катта ёшдаги одамлар ташкил қилади. Ер юзида ҳар беш сонияда бир нафар катта ёшдаги инсон, ҳар бир дақиқада эса бир нафар болакай кўриш қобилиятидан маҳрум бўлади.
Ўзбекистонда кўриш имкониятини йўқотган инсонларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда? Бу борада Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ахборот хизмати раҳбари Турдиали Норматов қуйидагиларни тақдим этди.
– Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, у кўзи ожизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, реабилитация қилиш, ижтимоий интеграциялаш, тенг ҳуқуқлилигини ҳамда тенг ҳаёт имкониятларини таъминлашга кўмаклашиш учун республика миқёсидаги жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмушини юксалтириш, қонун ҳужжатларининг жойларда кўзи ожизлар турмушида, жамият фаолиятида татбиқ этилиши билан яқиндан танишиш, бу борада учраётган муаммоларни ўз жойида ҳал қилиш, кўзи ожиз фуқаролар билан давлат органлари мутасаддиларининг мулоқотларини ташкил қилиш мақсадида жорий йилнинг 25 майидан – 26 ноябрига қадар график-жадвалда белгиланган кунларда кўзи ожизлар турмушидаги, жамият фаолиятидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган учрашувлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси иштирокида кўзи ожиз фуқаролар билан ҳудудий давлат ҳокимияти мутасаддиларининг аҳоли муаммоларини хал этишга бағишланган мулоқотларида жами 1 минг 700 нафардан зиёд кўзи ожиз фуқаро ўз мурожаатлари билан иштирок этди. 426 нафар мурожаатчининг муаммолари мутасаддилар томонидан шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. 1 минг 300 нафариники ўз жойида ўрганилиб, ҳал этилиши белгилаб қўйилди.
Мурожаатчиларнинг 70 нафари тикув машиналари, 81 нафари турли хил маиший техника воситалари, 120 нафари шифохона ордерлари, 85 нафари сиҳатгоҳ йўлланмалари билан таъминланди. 70 нафар кўриш қобилияти чекланган шахсларга жарроҳлик амалиётида кўмаклашиш белгилаб олинди. 80 нафардан зиёд мурожаатчининг уй-жойини таъмирлашга кўмаклашиш режалаштирилди. 100 нафарининг уй-жой билан таъминланиш бўйича мурожаати ўрганиб чиқилиши тегишли комиссияларга топширилди.
Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерацияси билан ҳамкорликда ҳар йили режа асосида кўзи ожиз мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган спортнинг енгил атлетика, дзюдо, шашка ва шахмат бўйича тадбирларда 11 минг 358 нафар кўриш имконияти чекланган шахсларнинг иштирок этиши таъминланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА