Кўзи ожиз абитуриентлар учун ОТМга қабул қилиш тартиби қандай?
Олий таълимга кириш ҳар бир ёш учун муҳим босқич ҳисобланади.
Давлат эса имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида улар учун алоҳида қабул тартибларини белгилаган. Жумладан, кўзи ожиз абитуриентлар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда махсус тартиб асосида имтиҳон топширади ва белгиланган талабларни бажарган тақдирда қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Амалдаги тартибга кўра, кўзи ожиз абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини таълим йўналишига мос фанлар мажмуаси бўйича кўп балли ёки беш балли баҳолаш тизими асосида анъанавий шаклда топширади.
Фанлар бўйича кириш имтиҳонларининг ёзма ёки оғзаки шаклда ўтказилиши ҳар бир олий таълим муассасасининг қабул комиссияси томонидан белгиланади.
Шунингдек, мазкур тоифадаги абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари ҳар йили июль ойида олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан эълон қилинган муддатларда ўтказилади.
Имтиҳонларда муваффақиятли иштирок этган абитуриентлар – кўп балли баҳолаш тизимида максимал баллнинг камида 55 фоизини тўплаган ёки беш балли тизимда «3», «4» ёки «5» баҳо олган тақдирда – Давлат комиссияси қарорига мувофиқ олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи билан танловсиз, қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Мазкур тартиб кўзи ожиз ёшларнинг олий таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, уларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим соҳасида тенг имкониятларни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА