Косонсойда халқаро OFF ROAD мусобақаси бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Экстремал ва тоғ туризми бугунги кунда жаҳонда энг тез ривожланаётган ҳамда юқори даромад келтираётган йўналишлардан бирига айланмоқда. Мамлакатимизда ҳам мазкур соҳага қизиқиш ортиб, туризмнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида ривожланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Наманган вилояти Косонсой тумани Олмазор маҳалласининг тоғли ҳудудида жойлашган “Саванна” раллиси майдонида Фарғона водийсида иккинчи бор OFF ROAD бўйича халқаро расмий мусобақа ташкил этилди. Унда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан автотуристлар иштирок этди.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов, Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Косонсой туманида тоғ ва экстремал туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини, бундай мусобақалар эса ҳудуднинг туристик жозибадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-29036]
Ўн беш мингдан зиёд томошабин йиғилган мусобақада LADA, NIVA, UAZ ва бошқа русумдаги йўлтанламас автомобиллар тоғли, лойли ва нотекис йўллардаги тўсиқлардан ўтиш бўйича ўз маҳоратини намоён этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар томонидан диплом, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА