Косонсойда болаларнинг мазмунли дам олиши таъминланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Косонсой туманидаги «Соҳил» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги мавсумда болаларнинг мазмунли дам олиши, соғломлаштирилиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Оромгоҳ ҳар бир сменада 160 нафар болани қабул қилади. Ёзги мавсумда 4 сменада жами 640 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 300 нафари Косонсой туман “Инсон” ижтимоий ҳимоя маркази йўлланмалари асосида соғломлаштирилмоқда.
[gallery-30484]
Оромгоҳда болаларнинг спорт билан шуғулланиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кенг имкониятлар яратилган. Бу ерда тадбирлар майдончаси, ёзги кинотеатр, болалар ўйингоҳи, мини футбол майдони, қум волейболи майдончаси, сузиш бассейни, баскетбол ва стол тенниси майдончалари, шунингдек, қўшимча санитария иншоотлари барпо этилган. Турли тўгараклар ҳам мунтазам фаолият кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, Наманган вилоятидаги 9 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги мавсум давомида 7–14 ёшли 6 520 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар 4 969 нафар бола соғломлаштирилди. Айни пайтда оромгоҳларда учинчи смена давом этмоқда.
Барча оромгоҳларга болалар йўл-патруль хизмати ходимлари кузатувида автобусларда ҳамда ота-оналар ҳамроҳлигида хавфсиз етказилди. Оромгоҳларга қабул қилишдан олдин улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, гуруҳларга ажратилди.
Шунингдек, оромгоҳлар ҳудудида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар органлари ходимлари, болалар саломатлигини назорат қилиш учун эса тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган. Мавсум давомида болаларнинг қабул қилиниши ва дам олиш жараёни ҳудудий штаб томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА