Косонсой туманидаги Обод маҳаллада туристик маскан қурилмоқда
Наманган вилоятининг Косонсой туманида туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида Обод маҳалласида замонавий туристик маскан барпо этилмоқда.
Маҳаллий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида ҳудуд замонавий дам олиш ва кўнгилочар масканга айлантирилиши режалаштирилган. Хусусан, бу жойда шишали осма кўприк, “Zipline” аттракциони, резинали сирпанчиқ, кафе ва дам олиш ҳудудлари, фото зоналар ҳамда эртаксимон дарахт уйлари ташкил этилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 21 миллиард сўмни ташкил этиб, у “Air stars” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга оширилмоқда. Янги туристик маскан табиат қўйнида оилавий ва дўстлар билан мазмунли ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш билан бирга, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.

Қолаверса, туманнинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш, янги хизмат кўрсатиш йўналишларини йўлга қўйиш ва қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши билан танишган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов туристик жозибадорликни янада ошириш, ташриф буюрувчилар учун қулай инфратузилма яратиш, хавфсизлик талабларини тўлиқ таъминлаш ҳамда экологик мувозанатни сақлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири