Космосга қизиқиш нега ортмоқда? (+видео)
Кейинги ўн йилликда инсонларнинг космосга бўлган қизиқиши анча кучайди. Бу қизиқиш туфайли дунё космик иқтисодиёти 500 миллиард долларга етди. 2030 йилгача бу кўрсаткич 1 триллион, 2040 йилгача эса 2 триллионга етиши тахмин қилинмоқда.
Шундай экан ривожланаётган давлатлар космик иқтисодиётда ўз ўрнини топишни бошлади. Ушбу жадал ривожланаётган технологик прогрессда ўз ўрнига эга бўлиш учун Ўзбекистонда ҳам ҳаракатлар бошлаб юборилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги фармони билан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилди.
Бугунги кунда “Ўзбеккосмос” агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб келмоқда.
Хусусан, агентлик ташаббуси билан Ўзбекистонда илк маротаба жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” тадбирлари ўтказилмоқда. Унинг доирасида пойтахтимизда ҳафталикнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
— 1999 йил БМТнинг резолюцияси билан 4-10 октябрь кунлари “Бутунжаҳон космик ҳафталиги” ўтказилади. Бу сана 1957 йилда илк марта “Спутник-1” номли сунъий йўлдошнинг космосга учиши билан боғлиқ. 1999 йилдан бошлаб бутун дунё давлатлари космосга қизиқишни бошлаган. Космосни ривожлантириш тарафдори бўлган давлатлар ҳафталикни кенг нишонлайди. Мамлакатимизда “Ўзбеккосмос” агентлиги ташкил этилиши билан ўз фаолиятини космик ҳамжамиятга аъзо бўлишдан бошлади. Ушбу ҳафталик Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда. Асосий мақсадимиз космоснинг инсонга, дунёга, технологик ривожлантиришга қўшган ҳиссаси тўғрисида одамларга маълумотлар беришдан иборат, — дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов.
Ҳафталик доирасида космос соҳаси тарихига бағишланган махсус кўргазма ўз ишини бошлади. Шунингдек, болажонлар учун турли интерактив дастурлар ва қизиқарли ўйинлар ташкил этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q0jTZfo0ctw" title="Kosmosga qiziqish nega ortmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, А.Содиқов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА