Корхона фаолияти ва экспорт салоҳияти ўрганилди
Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Шавкат Тўраев Хива туманида фаолият юритаётган “KHIVA CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхонанинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан танишди
Мазкур корхона ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ойига ўртача 100 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда корхонада 200 га яқин маҳаллий аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланган.
Корхонада Германия давлатидан импорт қилинган замонавий асбоб-ускуналар асосида ишлаб чиқариш жараёнлари йўлга қўйилган бўлиб, бу маҳсулот сифатини ошириш ҳамда экспорт ҳажмини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-29383]
“KHIVA CLUSTER” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта ип-калава маҳсулотлари асосан Покистон ҳамда Россия давлатларига экспорт қилинмоқда. Хусусан, корхонанинг 2025 йил давомидаги экспорт ҳажми 312,1 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида ушбу кўрсаткич 606,6 минг АҚШ долларига етгани экспорт салоҳияти изчил ошиб бораётганини кўрсатади.
Мулоқот жараёнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган имтиёз ва қулайликлар ҳақида маълумот берилиб, корхона фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда экспорт географиясини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбири