Коррупция тараққиёт кушандаси
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида “Коррупцияга қарши бирга курашамиз“ мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида “Коррупцияга қарши бирга курашамиз“ мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди.
Унда депутатлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий суд, Ҳарбий прокуратура, Сергели тумани прокуратураси ходимлари, профессор-ўқитувчилар, курсантлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга ҳисса қўшмоқда. Хусусан, фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган. Ушбу дастур доирасида коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда коррупциянинг юзага келишига имкон яратадиган салбий омиллар ва уларнинг ечимлари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, коррупция фуқароларнинг давлат органларига ишончини сусайтиради, иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади, жамиятда маънавий муҳит бузилишига олиб келади.
Тадбир якунида “Коррупция – умр заволи“ номли видеолавҳа намойиш этилди.