“Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалда
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети кончилик факультети талабалари иштирокида “Ҳалоллик ёшларнинг ҳамроҳи - ривожланиш мезони” мавзусида ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Унда олийгоҳда коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, “Имтиҳон вақтида талабанинг билимига эмас, маблағига кўз тиккан ўқитувчи жамиятга қандай малакага эга кадр етказиб бера олади? Коррупция йўли билан дипломга эга бўлган “мутахассис”га техникани топшириб қўйиш қандай оқибатга олиб келади?” каби саволларга жавоб изланди.

Бугунги кунда мазкур олийгоҳда 9 мингдан зиёд талабага 300 нафарга яқин педагог таълим беришади. Университетда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 2021 йилда “Комплаенс-назорат” тизими жорий этилган. “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан университет ички хусусиятлари инобатга олиниб, 16 та ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Шунингдек, барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мажбурият ҳам киритилган. Янги ишга қабул қилинаётган ва фаолият олиб бораётган барча ходимлар, профессор-ўқитувчилар мунтазам равишда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Одоб-ахлоқ кодекси, Ички тартиб-қоидалари, ўз лавозим йўриқномаларига қатъий риоя қилишлари, коррупцион ҳолатларни юзага келтирмасликлари тўғрисида огоҳлантирилади.

– Ўқув жараёнида “Hemis” тизими қўлланилса, илмий фаолиятда магистрлик ва докторлик диссертациялари Антиплагиат дастури орқали текширилади, – дейди “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Аҳмад Сафаров. – Олий таълим муассасаларида ўқитишнинг “кредит-модул” тизимига ўтилиши натижасида журнал ва рейтинг дафтарчалари бевосита электрон шаклга ўтказилган. Молиявий бошқарув ва статистикада “UzASBO” дастурий мажмуаси воситасида масофадан туриб фойдаланилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан университетда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўқиш жараёнида, жорий, оралиқ ва якуний назорат, магистрлик диссертацияси, якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий иши топшираётган талабалар (гуруҳ сардорлари) билан профилактик суҳбатлар ўтказилади. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар учун коррупция ҳолатлари билан тўқнаш келганлиги бўйича туну кун хабар қилиш имкониятини берувчи телеграмм ижтимоий тармоғида расмий бот - @ndku_rektor_bot фаолияти йўлга қўйилган.
Учрашувда мавзу юзасидан кончилик факультети декани ўринбосарлари А.Чориқулов ва О.Қурбонов, шунингдек, бир гуруҳ талаблар коррупцияга қарши курашиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири