Коррупцияга қарши курашишда фаоллик лозим
Андижон шаҳридаги З.М.Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Андижон вилояти бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Демократик жараёнларни тадқиқ қилиш маркази, “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари мутасадди ва мутахассислари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда жамиятда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, бу борада фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Коррупцияни бартараф этиш жамиятимиздаги энг долзарб вазифалардан бири. Бу борада вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган қатор лойиҳалар доирасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашиш йўналишида грант лойиҳаларини амалга оширган ННТларнинг тажрибаларини, илғор иш услубларини оммалаштириш, бошқа ННТлар билан тажриба алмашишларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган мазкур давра суҳбати нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг билим ва малакаларини оширишга яқиндан ёрдам берди, – дейди Ўзбекистон ННТМА Андижон вилоят бўлими раҳбари Шерзодбек Валиев.

Давра суҳбати давомида нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги грант лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар, амалий тажрибалар, келгуси режалар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Иштирокчилар, мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш, айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.