Коррупцияга қарши курашиш – барчанинг вазифаси
Хоразм вилояти божхона бошқармасида Коррупциянинг олдини олиш, унинг салбий оқибатларини тушунтириш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини оширишга қаратилган профилактик учрашув ўтказилди.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди тергов судьяси, вилоят прокуратураси масъуллари ҳамда божхона фахрийлари иштирок этган учрашувда сўзга чиққанлар коррупциянинг жамият тараққиётига, давлат органларига бўлган ишончга ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсири ҳақида гапирди.

Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари, мансаб ваколатларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга коррупциявий ҳолатларга дуч келганда қандай йўл тутиш, қонунбузилишлар ҳақида ўз вақтида хабар беришнинг аҳамияти, хизмат вазифаларини бажаришда ҳалоллик ва холислик тамойилларига риоя қилиш зарурлиги юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбирда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилиб, қонун талабларига риоя қилмаслик нафақат хизмат фаолиятига, балки шахснинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолатига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Учрашув давомида мавзуга оид видеоролик намойиш этилиб, унда Коррупциянинг инсон ҳаёти ва жамиятга салбий таъсири, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида маълумотлар берилди.

Учрашув давомида Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди тергов судьяси Хурсанд Хўжаев Ўзбекистон Республикаси “Одил судлов – 2030” ҳамда “Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.
Тадбир иштирокчиларига мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, қонунчилик талабларига риоя этиш ва хизмат фаолиятида юксак ҳуқуқий маданиятни намоён қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири