Коррупцияга қарши кураш: Очиқлик ва ОАВ ҳамкорлигининг аҳамияти
Тошкент вилоятида 22-23 октябрь кунлари ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгашлари аъзолари учун ўқув тренинги ўтказилди. Унда очиқлик ва жамоатчилик назорати орқали коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Тренинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Машғулотларнинг биринчи куни ҳудудий кенгашларнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари ва иш фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, масъул идоралар билан ҳамкорлик қилиш ва қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш механизмларини муҳокама қилди.

Иккинчи куни эса асосий эътибор давлат органлари фаолиятида очиқлик, журналистлар билан ҳамкорлик ва жамоатчилик назоратининг коррупция ҳолатларининг олдини олишдаги ўрнига қаратилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бўлим бошлиғи, медиатренер Нозима Тошпўлатова иштирокчиларга давлат идораларининг ахборот бериш масъулияти, танқидий материалларга муносабат билдириш, ОАВ хабарларини таҳлил қилиш ва жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатиш бўйича амалий тавсиялар берди.

Хусусан, давлат харидлари, бюджет маблағлари сарфи, хизмат сафарлари харажатлари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг очиқ бўлиши коррупциявий хавфларни эрта аниқлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Н.Тошпўлатованинг фикрича, коррупцияга қарши курашишда очиқликни фақат маълумот эълон қилиш билан чеклаб бўлмайди.
—Биз коррупцияга қарши курашиш деганда кўпинча жиноятни фош қилиш, айбдорларни аниқлаш ва жазолашни тушунамиз. Албатта, бу ҳам муҳим. Лекин коррупция содир бўлишининг олдини олиш ундан ҳам муҳимроқ. Бунинг учун давлат идоралари очиқ ишлаши керак. Одамлар бюджет маблағлари қаерга сарфланаётганини, давлат харидларида кимлар ғолиб бўлаётганини, қарорлар қандай қабул қилинаётганини билишга ҳақли. Баъзан журналист оддий бир маълумотни олиш учун ҳафталаб овора бўлади. Ваҳоланки, бу маълумот аввалдан очиқ эълон қилинган бўлиши керак. Ахборотнинг етишмаслиги турли шубҳаларга сабаб бўлади.
Очиқлик — фақат сайтга ҳисобот жойлаштириш эмас. Бу журналистнинг ноқулай саволига ҳам жавоб бера олиш, танқидни эшитиш, камчиликни тан олиш ва уни бартараф этишга тайёр бўлишдир. Журналистларни давлат идораларининг рақиби эмас, балки жамоатчилик назоратини таъминлашдаги ҳамкори сифатида кўриш керак. Чунки ҳар икки томон ҳам жамиятдаги муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишдан манфаатдор бўлиши лозим, — дейди Нозима Тошпўлатова.

Тренинг давомида иштирокчилар амалий машғулотларда ҳам қатнашди.

Икки кунлик тренинг якунида иштирокчилар ҳудудий кенгашлар фаолиятида очиқликни кучайтириш, ахборот алмашинувини яхшилаш, жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ёндашувларни муҳокама қилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш фақат қонунбузарликка муносабат билдириш эмас, балки уни келтириб чиқарадиган сабаб ва шароитларни бартараф этишдан ҳам бошланади. Очиқлик эса бу жараённинг муҳим шартларидан биридир.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА