Коррупция жамиятни издан чиқаради
Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси туман ва шаҳар бўлимларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилишлар ўтказилмоқда.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, ходимлари, туман, шаҳар бўлимлари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, айниқса, таълим тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-13101]
Андижон ва Избоскан туманларида ўтказилган йиғилишларда бошқарманинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорати бош мутахассиси Н.Аҳмедов ва бошқа масъуллар томонидан мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги таълим муассасаларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларга қарши муросасиз курашиш, мактабларда 1- синфга қабул ва дарс тақсимотларини белгиланган тартиблар асосида шаффоф тарзда амалга ошириш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
– Коррупция таълим тизимини, умуман, жамиятни издан чиқарадиган, парокандаликка олиб келадиган иллат, – дейди бошқарма бош мутахассиси Н.Аҳмедов. – Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши муросасиз курашишимиз, бунинг учун айниқса, тизимдаги ҳар бир раҳбар масъул эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Йиғилишларда коррупцион ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, бу борадаги профилактик ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан иштирокчиларга топшириқ, таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА