Коррупция – жамият кушандаси
Юртимизда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иллатга қарши кескин чоралар кўрмоқда.
Жорий йил 12 январда Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Навоий давлат педагогика институти Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини бошқариш бўлими томонидан таълим муассасасида коррупциявий хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари, тьюторлар, талабалар ва бошқа ходимлар билан профилактик тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йил шу даврига қадар 7860 нафар талаба иштирокида 29 та саволдан иборат аноним сўровномалар, 16 та саволдан иборат профессор-ўқитувчилар ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди.
– Мазкур сўровномаларнинг натижалари таҳлил қилиниб, аниқланган коррупцион ҳолатларга сабабчи бўладиган шарт-шароитлар ўрганилмоқда, – дейди институт Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Абдужаббор Холиқов. – Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш, ходимларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида меъёрий ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилиб, барча факультетлар, кафедралар профессор-ўқитувчилари тўлиқ таништирилди. Институт ходимларининг коррупцияга қарши курашишдаги огоҳлигини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш, тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар вакиллари иштирокида “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Бизнинг институтда коррупцияга ўрин йўқ”, “Коррупция таълим кушандаси”, “Барчамиз коррупцияга қарши курашишда масъулмиз”, “Коррупцияга биргаликда курашамиз” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда.
Талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш жараёнини ошкора ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида имтиҳонларга мунтазам равишда жамоатчилик вакиллари, ота-оналарни жалб қилиш, имтиҳон натижаларини онлайн тарзда эълон қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, институт расмий веб-сайтига жойлаштирилмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, асосий коррупцион хатти-ҳаракатлардан бири ходимларни ишга қабул қилишда содир этилади.
– Институтга талабгорларни ишга қабул қилишда коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида ўрганиш натижалари юзасидан хулосалар бериш йўлга қўйилган, – дейди Абдужаббор Холиқов. – Институт ходимлари, профессор-ўқитувчиларининг мавжуд вакант лавозимларга ҳужжатларни топшириш жараёнини рақамлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Институтнинг бўлим(бошқарма)лардаги вакант лавозимларига ишга қабул қилишнинг шаффоф тарзда ташкил этилишини таъминлаш мақсадида ҳар ойда бўш иш ўринлари www.ish.mehnat.uz сайтида эълон қилиб борилмоқда.
Олийгоҳда “Талаба-ёшлар клуби” ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқий саводхонлиги юқори, лидерлик қобилиятларини намоён этган ҳолда тенгдошларини ўз ортидан эргаштира оладиган талабалар коррупцияга қарши курашишга масъул тарғиботчи этиб белгиланган.
Шунингдек, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва давлат харидларини амалга ошириш юзасидан шаффофликни таъминлаш мақсадида маълумотлар https://xarid.uzex.uz/ веб-сайти орқали мониторинг қилиб борилмоқда.
Учрашувларда манфаатлар тўқнашуви, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, коррупция билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик, айниқса, коррупцион ҳолатлар, муаммолар мавжуд бўлса, аноним ёки “Ишонч телефони” орқали хабар бериш зарурати ҳақида таъкидланади.
Бу ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун хизмат қилади, албатта.
Абдували Бўриев, ЎзА