Коррупция: тарғиботга йўналтирилган лойиҳа
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида чоп этилаётган “Мингбулоқ” газетаси ўзининг 70 йиллик тарихи ва ўзига хос анъаналарига асосан туман аҳлининг кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Буни таҳририят Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва санитар-гигиеник ҳолатни яхшилаш, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларда эълон қилинган давлат гранти танлови ғолиблари қаторидан ўрин олганлиги ҳам тасдиқлайди.

Навбатдаги грант учинчиси бўлиб, шунга қадар “Аждодлар жасорати – авлодларга мерос”, “Соғлом турмуш тарзи – бахтли яшамоқ фарзи” номли лойиҳалар бўйича ҳам ғолиб чиқиб, улар муваффақиятли амалга оширилди. Ҳозирда, уч минг нусхадан зиёд чоп этаётган “Мингбулоқ” нашрига галдаги танловнинг 60 миллион сўм маблағи ажратилди. Ана шу ҳисобидан тумандаги фаол нуроний ва ёшлар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларидан 432 нафари туман газетасига бепул обуна қилинди.
“Коррупция – тараққиётга таҳдид, умрга завол” мавзусида қатнашган таҳририят янги лойиҳани туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Аҳрорбек Мансуровнинг туман ноиблари, ташкилот, муассасалар ҳамда жамоат ташкилотларининг раҳбарлари ва бутун туман аҳолисига “Мингбулоқни коррупциясиз туманга айлантирайлик!” шиори остидаги мурожаатномасини газетада чоп этиш, кўп миқдордаги кўргазмали тарғибот воситалари орқали кенг ёритиш билан бошлагани эътиборга молик.

Газета саҳифаларида турли жанрлардаги ранг-баранг материаллар тизимли равишда ёритиб борилмоқда. Парламент қуйи палатаси депутати Зафаржон Худойбердиев, вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Мусаев, туман Кенгаши депутати Солижон Хўжамовнинг мақолалари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Таҳририятнинг телеграм ижтимоий тармоғидаги “Янгича Мингбулоқ” каналида ҳам бу мавзуга катта ўрин ажратилмоқда.
– Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликдаги ижодий ишлар танловини ўтказишдан мақсад ҳам газетхонларга коррупция ҳақида кўпроқ маълумот бериш, умумхалқ ҳаракатига айланган порахўрликка қарши нафрат уйғотиш ва унга қарши курашда барча мингбулоқликларни фаол қатнашишга ундашдан иборат эди, – дейди “Мингбулоқ” газетаси муҳаррири Қосимжон Акбаров. – Танловга янгича ёндашилди. Таҳририят билан узвий ҳамкорликда фаолият юритаётган 12 нафар мингбулоқлик иқтидорли фаол қаламкаш саралаб олиниб, уларнинг мавзуни тўлақонли акс эттирган асарлари газетада ёритилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Носиржон Деҳқонов бошчилигидаги журналист ва шоирлардан иборат нуфузли ҳакамлар ижодкорларнинг “Коррупция – тараққиётга таҳдид, умрга завол” мавзусидаги мақола, ҳикоя ва шеърларини атрофлича ўрганиб чиққан ҳолда ўринларни белгилади.

“Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Ҳамидулло Нурматов наср, Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси Комилжон Маматов назм йўналишида бош мукофотга лойиқ топилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдуназар Бурхонов эса наср, Жамила Дилхуш назм йўналишида биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ва иштирокчиларга грант маблағларидан ажратилган эсдалик совғалари ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ва “Мингбулоқ” газетаси таҳририятининг сертификатлари топширилди. Бу эътирофлар ғолибларни келгусида ҳам коррупциянинг олдини олиш борасидаги тарғибот тадбирларида янги-янги ижодий ишлари билан янада фаол қатнашишга руҳлантирди.

“Мингбулоқ” газетаси таҳририяти амалга ошираётган лойиҳадан кўзланган мақсад катта. Зотан, умуммиллий ҳаракат самарадорлиги таъминланиши пировардида, Мингбулоқ коррупциясиз туманга айланиши лозим.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.