Коррупция тараққиёт кушандаси
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Коррупцияни фақатгина биргаликда енга оламиз” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
“Коррупция миллат заволи ва тараққиёт кушандаси” деб номланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси Максим Пирожков, ушбу вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Шуҳрат Сағдуллаев, ОКМК бошқарув раисининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Рустам Сатторов, ОКМК Комплаенс назорат хизмати раҳбари Шуҳрат Жўраев ҳамда ишчи-ходимлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Шуҳрат Жўраев аксилкоррупция ойлиги доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди. ОКМК Комплаенс назорат хизмати, Ахборот хизмати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган “Коррупция миллат заволи ва тараққиёт кушандаси” тематик видеороликлар танловига тақдим этилган ижодий ишлар намойиш этилди.
Шунингдек, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан комбинат таркибий бўлинмаларининг муҳандис техник ва раҳбар ходимлари ўртасида ўтказилган мини футбол, хотин-қизлар ўртасида ташкил этилган “Бадминтон” спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва “Энг яхши тематик ижтимоий видеоролик” танлови ғолибларига қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари топширилди “Металлург” МС ижодий гуруҳлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, “Ражаббой” бадиий ҳаваскорлик театр дастаси ижросидаги “Биз коррупцияга қаршимиз” номли саҳна кўриниши томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
ОКМК матбуот хизмати