Коррупция – тараққиёт кушандаси
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ҳамда консуллик муассасалари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура Академияси Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази масъул ходимлари маърузалари тингланди.

Нотиқлар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва коррупция ҳолатининг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар жамият тараққиётини янги, юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
- Бугунги мулоқот коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларига бағишланган, - дейди ТИВ Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси ходими Муродилла Рихсибоев.

- Таъкидлаш жоиз, жорий йил 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, эндиликда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий базасини экспертизадан ўтказиш ва бу жараёнга кенг жамоатчилик, хусусан, илмий ташкилотлар, мустақил экспертларни жалб этишга оид таклифлар маъқулланди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 9 декабрь 2004 йилдан бошлаб Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонлаб келинади. Шу муносабат билан республикамизда Аксилкоррупция ҳафталиги бошланди.

Бу сана арафасида БМТнинг Коррупцияга қарши курашишга оид конвенциясини ратификация қилган барча давлатларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар, акциялар ўтказилади.
Ўзбекистон 2008 йил ушбу конвенцияга қўшилган ва шундан буён ҳукуматимиз айни йўналишда зарур чораларни амалга ошириб келмоқда.

- Вазирлигимизда коррупцияга қарши курашиш ва ушбу соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилган, - деди ташқи ишлар вазирининг учинчи котиби Беҳзод Қодиров. - Ушбу гуруҳ томонидан доимий равишда тизимда коррупцияга оид муаммоларнинг юзага келишини ўрганиш, хусусан, коррупцияга қарши амалий тадбирлар ишлаб чиқиш, вазирлик тизимида коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни таҳлил этиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мулоқот давомида коррупция ҳолатининг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат билдириш учун ушбу ижтимоий иллатга қарши курашишнинг халқаро стандартга асосланган илғор тизими жорий этилаётгани таъкидланди. Хусусан, миллий қонунчилик ҳужжатлари тобора такомиллаштирилиб, давлат идора ва ташкилотлари фаолиятида ошкоралик, шаффофликни таъминлаш орқали самарали, таъсирчан жамоатчилик назорати йўлга қўйилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Коррупцияга қарши курашда фақат жиноий-ҳуқуқий воситалар орқали кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун нафақат давлат идоралари балки, ҳамма биргаликда ҳаракат қилиши, аёвсиз кураш олиб бориши зарур. Айни жараёнда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабат шакллантириш лозим.
- Эътибор бериш керак-ки, коррупцион жиноятлар бошқа қонунбузарликлардан бир қатор жиҳатлари билан фарқланади, - дейди Бош прокуратура Академияси ўқитувчи-маслаҳатчиси Баҳодир Исмоилов.

- Биринчидан бундай жиноятларни махсус субъект, бошқача айтганда мансабдор шахс содир этиши мумкин.
Иккинчидан, бу лотент, яъни аниқланиши қийин бўлган жиноят ҳисобланади. Негаки, масалан пора билан боғлиқ ишда, одатда, порани берувчи ҳам, олувчи ҳам ва жиноят ишида воситачилик қилган шахс ҳам аксарият ҳолатларда воқеани яширишга уринади. Учинчидан коррупциявий жиноятлар гуруҳ таркибида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Давра суҳбати чоғида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликни эрта аниқлаш, бу иллатни юзага келтирувчи омиллар, мазкур салбий ҳолатнинг оқибати хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА