Коронавирус туфайли семириш бошланадими?
Бир неча кундан буён эл орасида “уйда қол” сўзлари шиорга айланди.
Бир неча кундан буён эл орасида “уйда қол” сўзлари шиорга айланди.
Карантин туфайли кўпчилик оиласи бағрида, фарзандлари, ота-онаси билан кўпроқ вақт ўтказмоқда. Бироқ, карантинни вирус ва турли тарқалувчи касалликларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш учун жорий этилганига айрим юртдошларимиз эътибор қилмаётгандек. Кимдир арзон дўкон қидириб юрган бўлса, яна кимдир кўп қаватли уйнинг олдида дугоналари билан суҳбат қуриб ўтирибди. Тўп суриб юрган болалар ҳам йўқ эмас.
Ваҳоланки, карантин ўзимизни ҳимоя қилиш, иммун тизимини кучайтириш, вирусларнинг кўпайишини бартараф этиш орқали касалликнинг бартараф этиш учун ҳимоя воситасидир.
Бу даврда инсон ўзини қандай тутиши, овқатланишда нималарга эътибор қилиши ҳақида шифокор Беҳзод Жўраевнинг айрим фикрларини сиз билан баҳам кўришни лозим кўрдик.
- Ижтимоий тармоқларда дўконлардан бир йиллик озиқ-овқатини ғамлаётганларни кўрдик, - дейди Б.Жўраев. - Карантинни уруш ҳолати деб қабул қилиш керак эмас, балки вирусни бартараф қилиш даври деб билиш керак. Агар керакли 14 кунда ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилиб, карантин қоидаларига амал қилинса, бу муддатда вируснинг тарқалишига чек қўйилади. Йўқса, касаллар сони кўпайиб бораверади.
Бу муддатда ҳар бир инсон ўзининг ва яқинларининг соғлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида сифатли ва витаминларга бой таомлар истеъмолига эътибор қаратиши керак.
Бунда кўп эмас, тўғри овқатланиш керак. Мисол учун, оқсилларга бой таомлар иммун тизимини бақувват қилади. Оқиллар йигирмадан ортиқ аминокислотадан иборат. Табиий маҳсулотлар ҳам бунда жуда муҳим. Турли фаст-фудлардан чекинмоқ керак.
Турли чойлар - лимон, чиннигул, асал қўшилган чойнинг фойдаси кўп. Баҳорнинг бошланиши “илик узилди“ даври эканини ҳам ҳисобга олсак, турли шифобахш кўкатлар тановул қилиш зарур. Ҳўл мевалар, ёнғоқ, бодом, майиз кабилар ҳам ўзига хос ўринга эга.
Эрталаб ичилган сут ва сут маҳсулотлари инсонни тетик қилса, кечқурун турли сабзавотлардан тайёрланган салатлар ошқозонни асрайди. Овқатни яхшилаб чайнаш керак.
Уйда экансиз, жисмоний фаолликни ҳаёт тарзингизни ажралмас бир бўлагига айлантиринг. Жисмоний машқлар инсонга яхши фикрлашга ёрдам беради, ҳаракатчанликка, стрессни бошқаришга, кайфиятни яхшилашга ва қувватни кўтаришга сабаб бўлади.
Қайд этиш керакки, коронавирусдан ёши катта, иммунитети паст ва сурункали касаллиги борлар эҳтиёт бўлиши керак.