Корхона фаолияти тикланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 июндаги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, “Жиззах пластмасса” очиқ акциядорлик жамиятида амалга оширилган соғломлаштириш тадбирлари туфайли ишлаб чиқаришни қайта тиклашда жиддий ўзгаришларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 июндаги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, “Жиззах пластмасса” очиқ акциядорлик жамиятида амалга оширилган соғломлаштириш тадбирлари туфайли ишлаб чиқаришни қайта тиклашда жиддий ўзгаришларга эришилди. Корхонада жорий йилнинг биринчи чорагида маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 баробарга ўсди.Ушбу корхона бундан тўрт-беш йил аввал иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган эди. Ўтган йили ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 13,4 фоизга тушган корхонага 3,2 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Мазкур тадбирлар жараёнида корхонанинг 1 миллиард 132 миллион сўмлик қарзлари тўланиб, қўшимча пресланган ғишт, турли ҳажмдаги полиэтилен қувурлар қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўтган йили 16 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 451,9 миллион сўм фойда олиш ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни 33,5 фоизга оширишга эришилди.
– Ҳукуматимизнинг “Йўл харитаси”да белгилаб берилган молиявий-иқтисодий соғломлаштириш тадбирлари давом эттирилмоқда, – дейди корхона раҳбари Элёр Тўрақулов. – Амалга оширилган тадбирлар туфайли жорий йилнинг биринчи чорагида 900 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу даврда корхонанинг соф фойдаси 24,8 миллион сўмни, рентабеллик даражаси 2,9 фоизни ташкил этди.
Соғломлаштириш дастури доирасида корхона ўз маблағи ҳисобидан шу йилнинг март ойида яна бир лойиҳани амалга оширди. Турли диаметрли полиэтилен қувурларни боғловчи фитинглар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга, ички имкониятлардан фойдаланиб, қўшимча даромад олиш йўлларини ҳам топмоқда. Жумладан, оптимизация қилинган 4 гектарга яқин майдондан самарали фойдаланиш мақсадида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қонунда белгиланган тартибда узоқ муддатга ижарага берилди. Айни пайтда бу ҳудудда тадбиркорлар хизмат кўрсатиш, саноат, истеъмол моллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби бошқа йўналишларда ўндан ортиқ лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Корхонанинг полиэтилен маҳсулотларига иқтисодиётнинг турли соҳалари, айниқса, сув хўжалиги, маиший хизмат, коммунал қурилиш тармоқларида талаб ортиб бормоқда.
Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори асосида “Жиззах пластмасса” очиқ акциядорлик жамиятида халқ истеъмоли моллари, галантерея, болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш” лойиҳаси амалга оширилиши туфайли халқ истеъмоли буюмлари ишлаб чиқариш ҳажми ва тури кўпайтирилди.
Ҳозирги кунда корхонада уй-рўзғор буюмларининг йигирмадан ортиқ тури ишлаб чиқарилаётир. Айниқса, пластмасса тоғора, челак, мева-сабзавот сақлайдиган қути ва болалар ўйинчоқларига талаб катта. Корхонада шу йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқарилган ялпи маҳсулотнинг 10 фоиздан ортиғини халқ истеъмоли товарлари ташкил этди.
– Пластмасса буюмлари бозорида рақобат кучли, – дейди корхона раҳбари Э.Тўрақулов. – Биргина вилоятимизнинг ўзида йирик корхоналардан ташқари ўндан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадиркорлик субъектида пластмасса маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шу боис бозор талабини ҳисобга олган ҳолда, маҳсулот турини янгилаш, сифатини яхшилаш устидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, корхонани комплекс ривожлантириш режаси асосида яна бир нечта янги лойиҳа устида иш олиб борилаётир.
Жиззах вилоятида ўтган йили соғломлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши натижасида учта паст рентабелли ва битта зарар кўриб ишлаётган корхонанинг молиявий ҳолати тикланди. Уларга 8,4 миллиард сўмлик инвестиция киритилди. Натижада 36,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саксондан ортиқ янги иш ўрни яратилди.