Корея Эксимбанки раиси билан музокара ўтказилди
Тадбир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш суръати ҳамда Ўзбекистонда Эксимбанкнинг лойиҳалар портфелини кенгайтириш истиқболи муҳокамасига бағишланди.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Корея Эксимбанки раиси Банг Мун-кю билан учрашди.
Тадбир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш суръати ҳамда Ўзбекистонда Эксимбанкнинг лойиҳалар портфелини кенгайтириш истиқболи муҳокамасига бағишланди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда мазкур банк маблағлари ҳисобига умумий қиймати 2,1 миллиард долларлик 17 та қўшма лойиҳа амалга оширилган. Айниқса, 2017-2020 йиллар мобайнида лойиҳалар молиялаштирилиши жараёнида жадал ўсиш кузатилмоқда.
Банк раҳбарияти жорий эпидемиологик вазият жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайтда Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга ошириш суръатига иқтисодий омиллар салбий таъсирини минималлаштириш учун барча имкониятларни ишга солишини маълум қилди.
Асосли ва конструктив мулоқот давомида кенг доирадаги масалалар, таклифлар қамраб олинди. Томонлар Банк томонидан 2019 йилда маъқулланган бир қатор лойиҳалар учун қарз шартномаларини имзолашни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, “Тошкент Pharma Парк” фармацевтика кластери, катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, саратон клиникаси, тиббий йўналишдаги ОТМ ва кимёвий технологиялар марказини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича қурилиш ишларини бошлаш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш, маслаҳатчилар ва пудратчиларни танлаш жараёнини жадаллаштиришга қарор қилинди.
Корея томони Ўзбекистон билан молиявий-техник ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Корея Эксимбанки қошидаги EDCF жамғармаси билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш ҳамкорлиги тўғрисида Битим ишлаб чиқишни бошлаш ва имтиёзли молиялаштириш дастурини 500 миллиондан 1 миллиард долларгача оширишга келишилди.
Корея Эксимбанкини Ўзбекистондаги инфратузилма, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни молиялаштиришга жалб этиш истиқболи бўйича ўзаро англашувга эришилди. Корея томони тақдим этилган лойиҳавий таклифларни ўрганиб чиқадиган бўлди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшма жамғарма ташкил этишни муҳокама қилиб, айни масалани ҳал этиш бўйича концепцияни яқин келажакда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Банк раҳбарияти ҳар икки мамлакат тадбиркорлари иштирокидаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш учун қўшимча кредит линиялари ажратиш орқали Ўзбекистон тижорат банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболини ҳам кўриб чиқади.
Учрашув натижасида ҳамкорликни ривожлантириш доирасида муҳокама этилган йўналишлар бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди, келгусида биргаликда иш олиб бориш тартиби келишиб олинди.