Кўп қаватли уйлар: хизмат кўрсатиш, муаммо ва ечим
Андижон вилоятидаги 1 минг 796 та кўп қаватли уйларга 216 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва 18 та бошқарув ташкилоти хизмат кўрсатмоқда.
Кўп қаватли уйларни таъмирлаш, ободонлаштириш, ҳолатини сақлаб туриш доимий эътиборда. Бироқ, уларнинг барчаси ҳам самарали ишламоқда, зиммасига юклатилган вазифани кўнгилдагидек бажармоқда, деб бўлмайди.
Ўтган 2021 йилда ширкатларнинг фаолияти, уларнинг молиявий ҳолати бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида 295 та уй-жой ширкатларидан 208 тасининг молиявий ҳолати “оғир” тоифага ажратилди. Юзага келган салбий ҳолатни яхшилаш мақсадида ана шу ширкатларнинг 79 таси тасарруфида бўлган 619 та кўп қаватли уйлар хизмат кўрсатиш бошқарув ташкилотларига ўтказиб берилди. Жорий йилнинг бошида олиб борилган мониторинглар натижасига кўра, 216 та уй-жой мулкдорлари ширкатларидан яна 98 тасининг молиявий ҳолати оғир, 108 тасининг ҳолати “ўрта”, фақат 10 тасининг ҳолати “яхши”, деб топилди. Ана шу ширкатларнинг деярли барчаси моддий-техник базаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Ширкатларнинг кредит қарздорлиги жорий йилнинг 1 март ҳолатига 86,2 миллиард сўмни, шу жумладан, “оғир” ҳолатдаги ширкатларнинг қарздорлиги 48,5 миллиард сўмни ташкил этган. Қарздорлик бўйича Андижон шаҳридаги ширкатлар карвонбошилик қилмоқда, уларнинг қарздорлиги 15 миллиард сўмдан ортган. Кейинги ўринларни Марҳамат (қарздорлиги 5 миллиард сўм), Қўрғонтепа (қарздорлиги 3,3 миллиард сўм), Пахтаобод (қарздорлиги 2,8 миллиард сўм), Балиқчи (қарздорлиги 2,7 миллиард сўм) туманларидаги ширкатлар эгаллаб турибди.
Вилоятда юзага келган оғир ҳолатни яхшилаш, бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, коммунал хизматларини ўз вақтида амалга ошириш, мулкдорлар ишончини қозониш мақсадида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида зарур чора-тадбирлар режаси белгиланган. Бошқарув ташкилотларига 10 дона ассенизатор, 6 дона гидро кўтаргич ускунаси, 10 та мотороллер, 14 та махсус жиҳозланган Дамас автомобили харид қилиш учун 11,3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди. Андижон шаҳрининг танлаб олинган “Ёйилма”, “Соғлом авлод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги “оғир” тоифадаги ширкатлар тасарруфида бўлган 134 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиш “эксперимент” тариқасида “Шинам Маҳалла” бошқарув ташкилотига топширилди. Фаолияти йўлга қўйилган мазкур ташкилотнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, 2 та мотороллер ҳамда 50 турга яқин зарур кичик механизмлар, хом-ашё материаллари, идора жиҳозлари харид қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйиш, кўп қаватли уйларда юзага келаётган авария ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш учун 24 соат мобайнида фаолият кўрсатувчи “Диспетчерлик хизмати” ва авария гуруҳи ташкил этилди.
Ҳозирда уларда 27 та ишчи-мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда Бошқарув ташкилоти томонидан биноларнинг умумфойдаланувдаги қисмлари билан бирга, квартиралар ички қисмига кўрсатилаётган хизматлар тури 43 тага етказилди. Бошқарув ташкилоти хизмат кўрсатаётган уйларда яшовчи 127 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, мажбурий тўловлар учун субсидия ажратиладиган оилалар рўйхати шакллантирилди.
Танланган ҳудудда амалга оширилган ишлар натижасида кўп қаватли уйларда юзага келган авария ва носозликлар тезкор бартараф этилмоқда. 5 минг нафарга яқин мулкдорларнинг мажбурий бадал тўловлари “Менинг уйим” электрон тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, 16 минг нафардан зиёд аҳоли сифатли уй-жой коммунал хизматлар билан таъминланмоқда. Жорий йилнинг якунига қадар 98 та “оғир” ширкатлар хизмат кўрсатаётган 532 та кўп квартирали уйларни шаҳар ва туманларда ташкил этилган 18 та бошқарув ташкилотларига бириктириш ва аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланган.
[gallery-6957]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА