Кўп қаватли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрми?
Совуқ кунлар келишига ҳам оз муддат қолди. Шу боис айни кунлардаги долзарб масалалардан бири куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳисобланади. Қишлоқлардаги уй-жойларни қўлбола печларда иситиш мумкиндир, аммо кўп қаватли уйларда бунинг иложи йўқ.
Хўш, шаҳар ва туман марказларидаги кўп-қаватли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрми? Қарши шаҳридаги журналистлар уйида Қашқадарё вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бошқарма раҳбарининг таъкидлашича, иссиқлик таъминоти бўйича жорий йилда 1,050 миллиард сўм республика бюджет маблағлари ҳисобидан Қарши шаҳридаги 1 дона қозон, 2 километр иссиқлик тармоқлари мукаммал таъмирланган ва 4 дона қозон, 0,5 километр иссиқлик тармоқлари жорий таъмирланган. Инвестиция дастури бўйича Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги қарорига асосан Қарши шаҳар Шўртангаз МФЙ 7-митти туман ҳудудидаги РК-4 қозонхонасини реконструкция ва модернизация қилиш ишларини бажариш учун онлайн тендер савдолари ўтказилди. Унда “САМ ТЕХНО СТРОЙ ИНВЕСТ” МЧЖ пудратчи ташкилоти ғолиб бўлган. Мазкур лойиҳага 29,8 миллиард сўм ажратилган.
Бугунги кунга қадар ушбу лойиҳага жами 22,375 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 22,480 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Жумладан, жами 3 та қозон хорижий давлатдан олиб келиб ўрнатилди. 5,8 километр иссиқлик тармоқларидан 3,8 километр қисми қурилди. 27 та иссиқлик камераларидан 14 таси қурилди. 35 та иссиқлик тақсимловчи қурилмалардан 35 таси тайёрланди. 26 таси олиб келинди. 13 донаси жойига ўрнатилди.Қозонхона девори ва пойдевор қисмлари, дудбурон қувурларини қурилиш ишлари якунланди.

Маълумот ўрнида, ушбу қозонхона қуриб фойдаланишга топширилгач Қарши шаҳридаги 7-митти туман ҳудудида жойлашган 38 та кўп қаватли уй-жой иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан тўлиқ таъминланади.
Шунингдек, матбуот анжуманида кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилояти ҳудудий инспекцияси бошлиғи Абдурасул Сафаров 2022 йилнинг январ-сентябрь ойларида амалга оширган ишлар хусусида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан ҳудудий инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 47 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шундан белгиланган вақтда ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этган 9 нафар фуқаро жавобгарликдан озод этилган. Белгиланган вақтда ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этмаган 42 нафар фуқарога 166 миллион 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган. 199 нафар фуқаро қўшимча қурилмаларни ихтиёрий равишда бузган.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Ўлмас Баротов, ЎзА.