Кўп квартирали уйларни бошқаришда янги босқич: иқтисодий барқарорлик ва рақамли назорат
Кўп квартирали уй – бу фақат бетон ва деворлар мажмуаси эмас. У миллионлаб одамларнинг кундалик ҳаёти, хотиржамлиги ва келажакка ишончи билан боғлиқ тизимдир. Шу боис уни қандай бошқараётганимиз давлат бошқаруви самарадорлигининг энг аниқ кўзгуларидан бири ҳисобланади.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган навбатдаги таклифлар айнан шу ҳаётий тизимни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Мазкур тақдимот оддий ҳисобот ёки режалар тўплами эмас, балки кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришда иқтисодий барқарорлик, рақамли шаффофлик ва замонавий хизматлар уйғунлашган янги моделни шакллантиришга қаратилган стратегик қарашдир.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода ЖЎРАЕВАнинг фикрларида ҳам ана шу янги босқичга ишонч, қилинган ишларга реал баҳо ва олдинда турган вазифаларга аниқ йўналиш яққол сезилади.
– Бугун Ўзбекистонда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилаётгани соҳанинг қанчалик улкан ижтимоий аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Ушбу уйларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари, 200 дан зиёд ширкатлар хизмат кўрсатмоқда, шунингдек, 856 таси ўзини ўзи бошқариш услубида бошқарилади, – дейди вазир ўринбосари.

Кейинги йилларда амалга оширилган таъмирлаш, ободонлаштириш ва муҳандислик коммуникацияларини янгилаш ишлари хизматлар сифати сезиларли ошганини кўрсатмоқда. Фақат 2025 йилнинг ўзида қарийб 245 миллиард сўм ҳисобидан минглаб уйлар таъмирлангани давлатнинг соҳани қўллаб-қувватлашдаги қатъий позициясидан далолат.
Қайд этиш керак, иқтисодий барқарорлик – тизимнинг пойдевори. Бироқ инфратузилмани янгилашнинг ўзи етарли эмас. Асосий масала бошқарув сервис компанияларининг иқтисодий барқарорлиги ва молиявий мустақиллигидир. Шу нуқтаи назардан, барча мажбурий бадаллар ва умумий мулкдан тушадиган даромадларни “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олиш талаби соҳада шаффофликни мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Умумий мол-мулкни ижарага бериш шартномаларининг солиқ органларида мажбурий рўйхатдан ўтказилиши эса “кўринмас иқтисодиёт”га барҳам бериб, ҳар бир сўмнинг манзилли ишлатилишига хизмат қилади.
2026-2030 йилларга мўлжалланган таклифларда ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий инспекциялар ташкил этиш, бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш ва ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш режалари соҳадаги парокандаликни бартараф этишга қаратилган муҳим қадамдир.
Бу ислоҳотлар орқали уй-жой коммунал хўжалиги биринчи марта аниқ масъулият, доимий назорат ва узлуксиз мониторинг тизимига эга бўлади.
Бугунги кунга келиб рақамлаштириш ва сунъий интеллект келажак эмас, заруратга айланди. Шу нуқтаи назардан тақдимотнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири соҳани рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этишдир. Диспетчерлик хизматларида сунъий интеллект асосида мурожаатлар билан ишлаш аҳоли учун вақт, бошқарув компаниялари учун эса самарадорлик дегани.
“Турар жой” миллий ахборот тизимининг ишга туширилиши эса кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати, ресурслар истеъмоли ва ер участкалари бўйича ягона, ишончли маълумотлар базасини яратади. Бу қарорлар қабул қилишда инсон омилини камайтириб, аниқ рақамлар ва таҳлилга таяниш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари топшириқлари ва тақдим этилган таклифлар кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш соҳасини иқтисодий жиҳатдан барқарор, инвестиция учун жозибадор ва тўлиқ шаффоф тизимга айлантиришга қаратилган. Энг муҳими, бу ислоҳотлар марказида инсон – оддий фуқаронинг ҳаёт сифати турибди.
Янги моделда аҳоли, давлат ва бошқарув компаниялари манфаатлари ўзаро уйғунлашади. Бу эса кўп квартирали уйни муаммо манбаи эмас, балки барқарор ва қулай яшаш маконига айлантириш йўлидаги энг муҳим қадамдир.
ЎзА мухбири
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.