Кооперация алоқалари кенгаймоқда
Бухорода ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 250 дан ортиқ корхона ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Бухорода ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 250 дан ортиқ корхона ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантириш асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдамуҳим аҳамият касб этувчи мазкур ярмарканинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 мартдаги 2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ярмарка нефтни қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати салоҳиятининг ўзига хос намойишига айланди.
Ярмаркада тўқимачилик корхоналари маҳсулотлари экспонати алоҳида ўрин эгаллади. Унда ип-калава ва улардан тайёрланган маҳсулотларнинг кенг ассортименти намойиш этилди.
– Ип-калава ишлаб чиқарувчи “Буюк истиқлол сари” корхонаси билан ҳамкорлик алоқаларимиз ривожланиб бормоқда, – дейди Пешку туманидаги “Пешку равон транс” корхонаси раҳбари Тўлқин Тошев. – Кооперация биржаси бунда қўл келмоқда. Бугун имзоланган шартномага мувофиқ, корхона бизга 1,4 миллиард сўмлик хомашё етказиб беради. Ип-калавадан тайёрлайдиган бўз маҳсулотимизнинг бир қисмини хорижга чиқарамиз. Кооперация биржасида тузилган шартноманинг ўзига хос имтиёзи бор. Маҳсулотни ҳамкоримиздан биржа савдоларисиз, тўғридан-тўғри оламиз. Бу маълум миқдорда маблағ ва вақтни тежаб қолиш имконини беради.
Қоровулбозор туманидаги “Бухоро резина техника” масъулияти чекланган жамиятини нефть-газ саноати мажмуасидаги корхоналар ўзининг яқин ҳамкори, деб билади ва бу ерда тайёрланаётган эҳтиёт қисмлар, материалларнинг асосий буюртмачиси ҳисобланади. Кооперация биржаси доирасида масъулияти чекланган жамияти билан йирик корхоналар ўртасида 1,2 миллиард сўмликдан зиёд шартнома тузилди.
Вилоятда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг янги турлари ўзлаштирилмоқда. Улар орасида спорт товарлари, косметика ва кир ювиш воситалари ҳам бор.
– Турли маҳсулотларимиз, айниқса, кир ювиш кукунларига талаб катта, – дейди Вобкент туманидаги “Баҳор пластикс” корхонаси ижрочи директори Солиҳ Латипов. – Бугунги ярмаркада савдо ташкилотлари билан қарийб 4 миллиард сўмлик шартнома имзоладик.
Ярмаркада жами 47,4 миллиард сўмлик ва 7,9 миллион долларлик шартнома имзоланди.