"Коня-2021": паралимпия ҳаракатидаги янги ғалабалар
Ўзбекистоннинг матонатли атлетлари Туркиянинг Коня шаҳрида ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларининг пара спорт баҳсларидаги ўз иштирокини якунлади.
Ушбу нуфузли мусобақада паралимпиячиларимиз муносиб натижаларни қайд этди.
Ҳамюртларимиз 4 та пара спорт турида 7 нафар иштирокчи билан қатнашиб, якунда 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 8 та медални қўлга киритди.

Шиддатли баҳсларда ирода соҳиби бўлган матонатли спортчиларимиз бор куч-ғайратини ишга солиб, Ватанга бўлган муҳаббатини яна бир бор намоён қилди.
Бу шубҳасиз юртимизда паралимпия ҳаракатига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яққол намунаси бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, V Ислом бирдамлик ўйинларида Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси ёш ва янгиланган таркибда қатнашиб, кутилган ютуқларга эришди.

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик айёми арафасида қўлга киритилган "Коня-2021" ўйинларидаги ушбу ютуқлар Янги Ўзбекистон ёшлари забт этаётган янги марралар дебочаси бўлиб, яна икки йилдан сўнг Францияда ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинларида янги ғалабаларга қўшқанот бўлишидан далолатдир.

Гулноза Бобоева, ЎзА