Контрафакт маҳсулотни қандай аниқлаш мумкин?
Парфюмерия маҳсулотлари харидорлар орасида ҳамиша машҳур бўлиб келган. Aммо афсуски, бу маҳсулотлар сохта ва келиб чиқиши номаълум бўлган энг катта миқдордаги товарлар гуруҳига киради. Гап нафақат бозорлар ёки метрода сотиладиган атирлар, балки элита ҳисобланган айрим "бренд" дўконларида ҳам бугунги кунда контрафакт маҳсулотларни топиш мумкинлиги ҳақида боряпти.
Мавзу юзасидан Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати раҳбари Феруз Жўраев билан суҳбатлашдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 15 февралдан 15 мартгача республика бўйлаб “Контрафактсиз ой” ойлиги ўтказиш белгиланган.
– Баҳор фасли мунис аёллар байрами билан бошланади. Табиийки, байрам арафасида парфюмерия маҳсулотларига бўлган талаб анча ошади. Парфюмерия сотиб олаётганда ҳақиқий сифатли маҳсулотни танлаш ҳамда унинг соғлиғингизга зарар етказмаслигига қандай амин бўлиш мумкин?
– Албатта, ҳар нарсанинг имкони бўлгани каби контрафакт маҳсулотни ҳақиқий парфюмдан ажратиш мумкин, аммо бунинг учун камида бир марта юқори сифатли оригинал парфюмерия сотиб олиш керак. Чунки бу усул келгусида парфюмерия маҳсулотини сотиб олаётганда асл ва контрафактни ўзаро фарқли жиҳатларини яққол ажратишда ёрдам беради.
– "Божхонада мусодара қилинган маҳсулот", "лицензияга эга парфюмерия" – булар ўзи нима?
– Сизга сифатли парфюмни сохта нарсалардан қандай ажратиш бўйича бир нечта маслаҳатларни беришдан олдин, ушбу масалада мавжуд бўлган баъзи афсоналарни кўриб чиқамиз.
Кўпинча, парфюмерия дўконларида "божхонада ушланган парфюмерия" ёки "божхонада мусодара қилинган товарлар" каби маҳсулотларга дуч келишингиз мумкин. Aслида, "божхонада мусодара қилинган парфюмерия" умуман мавжуд бўлмайди. Худди шундай, "лицензия" асосида тайёрланган парфюмерия ҳам йўқ. Одатда, БAA ёки Голландияда ишлаб чиқариладиган сифатсиз парфюмерия маҳсулотларини сотишни истаган сотувчилар бундай тушунчалар орқасига яширинишади. Одатда улар фақат катта ҳажмдаги шишаларда – 75, 90 ёки 100 миллиметр сотилади. Бундай парфюмерия, қоида тариқасида, бир хил нархда – "ҳаммаси аксия нархида!", бўлади.
Aслида 100 миллиметр "Chanel" атирини 100 мингга сотиб олиш мумкин эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: "Chanel" каби бренд ўз товарларини божхонада мусодара қилинишига имкон яратиб берадими? Бу ҳам майли, мусодара қилинган маҳсулот интернет дўконда ҳаммага сотиш учун шунчалик катта ҳажмда бўлиши ақлга сиғмайдику. Шунинг учун, агар сиз фақат битта турдаги (энг катта) ва бир хил нархдаги атирлар мавжуд бўлган ўхшаш дўконга дуч келсангиз, улар сизга контрафакт маҳсулотни сотмоқчи эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
– Парфюмерия маҳсулотини харид қилганда адашмаслик учун унинг қадоғи ёки таркибига эътибор қаратиш керакми?
– Контрафакт атирни қандай ажратиш кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берадиган бўлсак, қуйидагиларга батафсил эътибор қаратиш керак.
Биринчидан, парфюмериянинг қадоғ сифатига эътибор қаратиш лозим. Aсл бренд компания ҳеч қачон қадоғдан иқтисод қилмайди. Aксинча, бежирим қадоқли маҳсулот харидорларни жалб қилади. Ва маркетологлар буни жуда яхши билишади. Товар сотиб олишдан олдин қадоқни очиш керак эмаслиги сабабли, авваламбор, қадоқнинг кўринишини диққат билан ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Энг сифатсиз контрафакт – бу номида хатолик бўлган маҳсулот. Агар маҳсулот целофан плёнка билан ўралган бўлса, у ҳолда плёнка ингичка, чиройли бўлиши керак, плёнкани бирлаштирадиган штамп айнан марказда бўлиши лозим. Aммо барча брендлар ўз маҳсулотларини целофан билан қопламайди (масалан, Hugo Boss, Laura Biagiotti, Bruno Banani, Davidoff, Lacoste ва бошқа бир қатор ишлаб чиқарувчилар ўзларининг айрим позицияларини целофанламайди).
Иккинчидан, қадоқлаш сифати. У тоза ва турли шубҳа туғдирмаслиги, картон юқори сифатли бўлиши керак.
Қадоқдаги шрифтлар аниқ ва тушунарли бўлиши керак, баъзида шрифт нақшинкор ва тон билан берилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бўёқ суркалмаслиги лозим. Шунингдек, қадоқлашда қадоқлаш белгиси бўлиши керак (айлана бўйлаб иккита ўқ).
Штрих-код, албатта, кўрсатилиши керак. Ишлаб чиқарувчининг мамлакат коди орқали ёрлиқда кўрсатилган матнга мос келишини таққослашингиз мумкин.
Қадоқда атир тоифаси (parfum, eau de parfum, еau de toilette, parfum de toilette ва бошқалар), ким учун мўлжаллангани (масалан, femme pour — аёллар учун, pour homme — эркаклар учун ёки жинсни кўрсатишнинг бошқа вариантлари мавжуд), миллилитр (ml билан), ҳажми (1 fl.oz — AҚШ ўлчов бирлиги, таркиби, ишлаб чиқарилган мамлакати (албатта, Францияда бўлиши шарт эмас, чунки баъзи мода уйлари италян, немис, инглиз ёки AҚШга тегишли бўлиши мумкин, аммо Осиё мамлакатлари ёки ишлаб чиқарувчига алоқадор бўлмаган давлатлар шубҳа уйғотиши табиий. Ва албатта, «Made in …» сўзи ишлатилиши керак.
Ишлаб чиқарилган сана штампланган бўлиши керак (сиқилган ёки курсив билан зарб қилинган), қоида тариқасида, у код билан бирга келади. Барча парфюмерия маҳсулотларига ўзбек тилидаги стикерлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолда стикер порлоқ, мат ёки шаффоф қоғоз ёки плёнкада тайёрланиши мумкин.
ЎзА мухбири Нурилло НАСРИЕВ суҳбатлашди.