Конституциявий ислоҳотлар моҳияти
Республика Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда ушбу марказ ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари ҳамда марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, видео-конференцалоқа орқали Уюшманинг ҳудудий бўлимлари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Х. Салимов олиб борган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Жаҳонгир Ширинов “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича маъруза қилди. У “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” ғояси асосида Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолидан уни такомиллаштириш юзасидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани ва уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганини таъкидлади. Ўзбекистон — ижтимоий давлат деб белгиланаётгани ҳақида сўз юритди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади бўлишига тўхталиб ўтди.
— Ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланаётгани Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид амалдаги Бош қомусимизда бўлмаган янги модда ва нормаларни киритилаётгани эътиборга молик, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Холмурод Салимов. – Янги Конституциямиз лойиҳасида давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши белгиланганмоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Албатта, ушбу конституциявий ислоҳотлар барча соҳалар қатори журналистика ривожига ҳам хизмат қилади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардим, янгиланаётган Бош қомусимизда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баравардан ортиққа оширилаётгани Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор эканлигини билдиради.
Тадбир сўнгида янгиланаётган Конституция бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
ЎзА