Конституцияга таклифимиз бор...
Мамлакатимиз Бош қомусини бугунги давр талабларига мослаштириш, янада такомиллаштириш мақсадида Конституциявий ислоҳотлар изчил муҳокама қилинмоқда. Мазкур жараёнда кенг жамоатчилик, фуқаролар, ташкилот ва идора вакиллари фаол иштирок этяпти.
Жумладан, сиёсий партиялар ҳамда депутатлик бирлашмалари ушбу сиёсий жараёнда партиявий мақсад-вазифалар, электорат манфаатларига таяниб, ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдириб келмоқда.
Масалан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ўз дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларидан келиб чиқиб, Конституциямизда тадбиркорлар, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни илгари сурмоқда. ЎзЛиДеП фаоллари ва депутатларининг ушбу йўналишда баён қилган таклифларидан айримларини келтирамиз.
Қаҳрамон ЭРГАШEВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

– Конституциямизда хусусий мулкнинг дахлсиз эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.
Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Зеро, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан туриб, иқтисодий ривожланишга эришиш мушкул.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида «Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас», деб белгилаб қўйилган. Бу мулкдор қонун йўл қўйган асосларда, доирада ўз мулкига ўзи эгалик қилади, ўзи фойдаланади ва ўзи тасарруф этади, дегани.
Аммо шунга қарамай, айрим мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг хусусий мулкига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турибди. Бу эса тадбиркорликнинг изчил ривожланишига, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт кўламини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Конституциямизнинг 53-моддасида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш ҳақидаги нормани белгилаб қўйиш керак, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратиш лозим.
Қолаверса, мулкларни олиб қўйиш ёки бузишдан олдин мулкдорга бошқа ҳудуддан жой ажратиш ва етказилган зарарлар тўлиқ қопланиши ҳақидаги норма ҳам киритилиши керак. Бундай тартиб-қоидалар пировардида, иқтисодиётда хусусий мулкнинг самарали фаолияти учун қулай шароитларни яратади.
Дилшод ШОУМАРОВ, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг бизнес юритиш, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлик индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шунингдек, 2030 йилга қадар муносиб ҳақ тўланадиган 10 миллионта янги иш ўрнини яратиш давлатимиз иқтисодий стратегиясининг муҳим йўналишидир. Бу каби юксак мақсадларга хусусий мулк дахлсизлигини таъминламасдан, уни ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилмасдан эришиб бўлмайди.
UzA Abdulaziz, [17.06.2022 13:12]
Республикамизда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар оз эмас. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2016-2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан 6 минг 479 та мулк бузилган. Бу борада ЎзЛиДеП тузилмалари, депутатлик гуруҳларига ҳам мулк ҳуқуқлари бузилишига доир мурожаатлар бўлди. Ваҳоланки, мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларини таъминловчи қатор қонун ҳужжатлари бор.
Бироқ ҳозирги давр мулк дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, мулкдорнинг ўз мулкига ўзи эркин эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини амалда таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашни талаб қиляпти.
Шу нуқтаи назардан Конституциямизда қуйидаги норма ўрин олиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз: «Ҳеч бир шахс ўз мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас, мулкни жамоат эҳтиёжлари учун бошқага ўтказиш мажбурий равишда қонунда назарда тутилган истисно ҳолларда ҳамда унга мулкнинг ўрни олдиндан ва тенг миқдорда қопланган тақдирда амалга оширилиши мумкин». Мазкур ўзгартиш, бизнингча, хусусийлаштириш жараёнларининг ижобий суръатларда боришига имкон беради.
Эркин ХОЛМАТОВ, ЎзЛиДеП Жиззах вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Антик дунёнинг машҳур олимларидан бири Пифагор «Хусусий мулки бўлмаган одам беватандир», деб таъкидлаган эди.
Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ ҳаётимизга бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий қилинар экан, хусусий мулкка бўлган қараш ҳам кескин ўзгарди. Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 53-моддасида белгилаб қўйилди.
Мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Дастурида ҳам «Партия нуқтаи назарига кўра, мулк эркинликнинг бош шарти, энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа ҳуқуқлари манбаи, фуқароларнинг ҳимояланиш асосидир» деб таъкидлаб ўтилган.
Айтиш керакки, хусусий мулкнинг давлат томонидан қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқий ҳимоясини таъминламасдан туриб, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш қийин кечиши жаҳон амалиётидан яхши маълум. Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг узвий бир қисми.
Конституциявий ислоҳотлар жараёни кетаётган айни кунларда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини кучайтириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш чораларини изчил давом эттириш борасидаги кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирадиган мезонларни Асосий қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш ўта муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА