Конституцияга ҳурмат – Ватанга муҳаббат, инсон қадрини улуғлаш, адолатли жамият қуришнинг энг муҳим шартидир
Конституция – жамиятнинг ҳуқуқий, сиёсий ва маънавий тараққиётини белгилайдиган, инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий мезонларини мустаҳкамлайдиган олий қадриятдир.
Бош Қомусимиз қабул қилинган сананинг 34 йиллиги муносабати билан Конституциявий суд ҳузуридаги илмий маслаҳат кенгаши раисининг ўринбосари, ТДЮУ профессор, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов билан суҳбатлашдик.
– Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий давлат, қонун устунлиги, ҳокимиятлар бўлиниши ва одил судлов кафолатларига алоҳида эътибор қаратилган. Энг муҳими, Конституциянинг 15-моддасида унинг олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши белгиланган.
Бироқ Конституциянинг ҳақиқий қадр-қиммати унинг матнидаги нормалар билангина эмас, балки ҳаётда қандай амалга оширилиши, инсон ҳуқуқларини қай даражада ҳимоя қилиши ва давлат органлари фаолиятида қанчалик устувор аҳамият касб этиши билан белгиланади.

– Конституция устунлиги деганда нимани тушунамиз? Нима учун бу тамойил демократик ва ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади?
– Аввало, Конституция устунлиги тушунчасининг ҳуқуқий мазмунига эътибор қаратиш лозим. Конституция устунлиги – бу давлатдаги барча ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва жамиятдаги ҳуқуқий муносабатлар Конституцияга мувофиқ бўлиши шартлигини англатади.
Бунда учта муҳим жиҳатни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, Конституция олий юридик кучга эга. Демак, ҳеч бир қонун, фармон, қарор, идоравий ҳужжат ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.
Иккинчидан, Конституция нормалари тўғридан-тўғри амал қилади, яъни фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ҳар доим ҳам қонун қабул қилинишини кутиши шарт эмас. Конституция нормаси тегишли ҳуқуқий муносабатни тартибга солиш учун етарли асос бўлса, ундан бевосита фойдаланиш мумкин.
Учинчидан, Конституция бутун ҳуқуқий тизимнинг асосини ташкил этади. Қонун ижодкорлиги, давлат бошқаруви, одил судлов ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти айнан шу мезон асосида шаклланиши керак.
Конституция устунлигининг энг муҳим ижтимоий вазифаси – давлат ҳокимиятининг ҳуқуқ билан чекланганлигини таъминлашдир. Ҳуқуқий давлатда давлат органи «менга шундай ваколат берилган» деган важ билан эмас, балки «менинг ҳаракатим Конституция ва қонунга мувофиқми?» деган мезон асосида иш юритиши керак.
Шу маънода, Конституция устунлиги давлатнинг кучини эмас, балки унинг ҳуқуқий масъулиятини намоён этади. Давлат қанчалик кучли бўлмасин, у Конституциядан устун тура олмайди.
– Конституциявий суднинг аниқ қарорлари мисолида Конституция устунлигининг амалий аҳамиятини қандай кўрсатиш мумкин?
– Конституциявий суднинг «Адвокатура тўғрисида»ги қонун 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги қарорида адвокатнинг шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида фаолият юритиши масаласи кўриб чиқилган.
Суд мазкур қоидани Конституциянинг 29, 65 ва 141-моддалари билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилган. Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, Конституциявий суд адвокатнинг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни инсоннинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи, мулк шаклларининг тенглиги ва адвокатуранинг конституциявий мақоми нуқтаи назаридан баҳолаган.
Бу ерда муҳим бир хулоса бор: Конституцияда кафолатланган ҳуқуқларни таъминлашда муайян касбий институтларнинг фаолияти ҳам конституциявий мезонлар асосида баҳоланиши лозим.
Конституциявий суднинг 2026 йил 22 сентябрдаги қарорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг Конституцияга мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилган. Ушбу ишда шахсни маъмурий йўл билан 48 соатдан ортиқ муддатга ушлаб туриш имконияти билан боғлиқ масала таҳлил қилинган. Конституциявий суд Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмига таяниб, шахсни суд қарорига кўра қамоққа олишга йўл қўйилиши, суднинг қарорисиз эса шахс 48 соатдан ортиқ муддатга ушлаб турилиши мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Суд «Habeas corpus» принципига алоҳида эътибор қаратган. Бу принцип шахс эркинлигини чеклаш устидан мустақил ва холис суд назоратини таъминлашга қаратилган.
Қарорнинг аҳамияти шундаки, унда давлатнинг жамоат тартибини таъминлаш ваколати инсоннинг шахсий эркинлиги ва дахлсизлигига оид конституциявий кафолатлар билан чегараланиши лозимлиги кўрсатилган.
Бу – Конституция устунлигининг энг муҳим кўринишларидан бири. Чунки давлат органининг ҳар қандай мажбурлов чораси, ҳатто жамоат манфаатларини кўзлаган тақдирда ҳам, конституциявий чегаралар доирасида бўлиши шарт.
– Конституция устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулияти нималарда намоён бўлади?
– Конституция устунлигини таъминлашни фақат судлар зиммасига юклаб қўйиш тўғри бўлмайди. Бу – бутун ижро этувчи ҳокимият органлари тизими, қонунчилик ижодкорлиги субъектлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг умумий вазифасидир.
Конституциянинг 16-моддасида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида қабул қилиниши, унга зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунинг учун ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда биринчи навбатда унинг Конституцияга мувофиқлиги баҳоланиши керак.
Бу жараёнда конституциявий экспертиза, ҳуқуқий экспертиза, коррупцияга қарши экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, давлат органлари томонидан фуқароларга нисбатан қарорлар қабул қилишда мутаносиблик, қонунийлик, ҳуқуқий аниқлик ва инсон манфаатларининг устуворлиги принципларига амал қилиниши шарт.
– Конституциявий ватанпарварликни шакллантиришда таълим, оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтларининг вазифаси қандай бўлиши керак?
– Конституциявий ватанпарварлик ўз-ўзидан шаклланмайди. Бу узлуксиз таълим-тарбия, ҳуқуқий маърифат ва жамиятда конституциявий қадриятларни қарор топтириш орқали вужудга келадиган жараёндир.
Бу борада бир нечта муҳим йўналишни ажратиш мақсадга мувофиқ. Биринчиси – оила. Инсонда адолат, тенглик, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, масъулият ва бағрикенглик каби фазилатлар, аввало, оилада шаклланади. Боланинг ўз ҳуқуқини билиши ва бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиши конституциявий маданиятнинг дастлабки пойдеворидир.
Иккинчиси – таълим тизими. Конституцияни ўқитиш фақат унинг моддаларини ёдлатиш билан чекланмаслиги керак. Ўқувчи ва талабалар Конституция нормаларининг ҳаётдаги аҳамиятини англаши, ҳуқуқий вазиятларни таҳлил қилиши, ўз ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш усулларини билиши зарур.
Учинчиси – маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари. Улар аҳоли ўртасида ҳуқуқий маърифатни ошириш, низоларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Тўртинчиси – оммавий ахборот воситалари. Конституциявий қадриятларни кенг тарғиб қилишда журналистика, телевидение, радио ва рақамли платформалар имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.
Бешинчиси – давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг шахсий намунаси. Агар давлат органи фуқаронинг ҳуқуқини ҳурмат қилса, мурожаатига масъулият билан ёндашса, қарорларини қонуний ва асосли қабул қилса, бунинг ўзи конституциявий ватанпарварликнинг энг таъсирчан тарғиботи бўлади.
Яна бир муҳим жиҳатни таъкидламоқчиман. Конституциявий ватанпарварлик низоларни тинч ва ҳуқуқий йўл билан ҳал қилиш маданияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Оиладаги, маҳалладаги, меҳнат жамоасидаги, тадбиркорлик соҳасидаги ва халқаро муносабатлардаги низоларни имкон қадар музокара, медиация ва бошқа муқобил низоларни ҳал этиш механизмлари орқали бартараф этиш жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Бунда медиация, ярашув ва муросага келиш маданияти конституциявий қадриятларнинг ҳаётий ифодаси сифатида намоён бўлади.
Зеро, ўз ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган, бироқ бошқаларнинг ҳуқуқини ҳам ҳурмат қиладиган, низоларни зўравонлик билан эмас, мулоқот орқали ҳал этишга интиладиган фуқаро – конституциявий ватанпарварликнинг ҳақиқий ташувчисидир.
– Ўзбекистонда Конституция устунлигини янада мустаҳкамлаш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Энди асосий вазифа – ушбу конституциявий қоидаларни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширишдир. Шу нуқтаи назардан, қуйидаги еттита устувор йўналишни таклиф қилиш мумкин.
Биринчидан, қонун ижодкорлиги жараёнида Конституцияга мувофиқликни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш зарур. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат инсон ҳуқуқлари ва конституциявий принципларга мувофиқ бўлиши шарт.
Иккинчидан, Конституциявий суд қарорларининг ҳуқуқий таъсирини кучайтириш, уларнинг мазмун-моҳиятини давлат органлари, судлар ва кенг жамоатчиликка етказиш тизимини такомиллаштириш лозим.
Учинчидан, судьялар, прокурорлар, адвокатлар ва бошқа ҳуқуқни қўлловчи мутахассисларнинг конституциявий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш керак. Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқий амалиётнинг одатий стандартига айланиши зарур.
Тўртинчидан, давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқларига таъсирни баҳолаш механизмларини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ. Давлат бошқарувида самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири инсон ҳуқуқлари қай даражада таъминланган бўлиши керак.
Бешинчидан, аҳолининг конституциявий саводхонлигини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида конституциявий ватанпарварликни шакллантиришга қаратилган узлуксиз таълим дастурларини ривожлантириш зарур.
Олтинчидан, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назоратининг Конституция устунлигини таъминлашдаги иштирокини кенгайтириш лозим.
Еттинчидан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш билан бирга, низоларнинг олдини олиш ва уларни тинч йўл билан ҳал қилиш механизмларини ривожлантириш зарур. Бу борада медиация ва бошқа муқобил низоларни ҳал этиш институтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳимдир.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция устунлиги – бу фақат ҳуқуқшунослар, судьялар ёки давлат хизматчиларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданияти, фуқаролик позицияси ва Ватан олдидаги масъулияти билан боғлиқ умуммиллий вазифадир.
Зотан, Конституцияга ҳурмат – Ватанга муҳаббат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – инсон қадрини улуғлашнинг, қонун устунлигини таъминлаш эса адолатли жамият қуришнинг энг муҳим шартидир.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.