Конституцияда коррупцияга қарши курашиш борасидаги нормалар белгиланмоқда
Маълумки, жорий йил 25 июнь кунидан бошлаб «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва бугуннинг энг муҳим мавзусига айланди.
Барча ташкилот ва идораларда, аҳоли вакиллари иштирокида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Шунингдек, турли соҳа вакиллари, мутахассислар ҳам Конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатини, таклифларини баён қилишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юрисконсульти Ўткир Номозбоев ҳам бу борада ўз муносабатини билдирди:
— Айни кунларда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси халқимиз томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг 64 та моддасига 200дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан бирор бир шахс бирор ҳуқуқбузарлиги учун икки марта жазога тортилмаслиги қатъий белгиланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўлим жазосини тайинлаш мутлақо бекор қилинмоқда. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги янада мустаҳкамланмоқда.
Шу ўринда алоҳида айтиб ўтишим керакки, Конституцияга бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам бир қатор муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг инcтитуционал асослари ва унинг парламент билан муносабатлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Хусусан, парламентнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби Конституцияда белгиланмоқда.
Янги лойиҳада коррупцияга қарши курашда энг муҳим омил — очиқликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига дахлдор бўлган масала — давлат бюджети ва қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари унинг устидан жамоатчилик назорати ўрнатиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг таркиби эндиликда Конституциямизда аниқ очиб берилмоқда. Яъни, маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгиланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб бугунга қадар агентлигимиз вакиллари ҳам фаол иштирок этаётганини алоҳида эътироф этишим жоиз. Қатор таклифларимиз лойиҳада ўз аксини топган. Эндиликда муҳокамалар давомида ҳам жамоавий тарзда ўз таклифларимизни бериб борамиз.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
ёзиб олди.