Конституция билимдонлари аниқланди
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Баркамол авлод мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу боис юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук шахс этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айтиш жоиз, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини юксалтиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш ҳамда уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга касб этади.
“Адолат” СДП томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасидаги анъанавий “Конституция билимдони” кўрик-танлови ҳам ёш авлодни мамлакатимиз Бош қомуси ва барча қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бўлиб, ўтган даврда эришилган бой тажриба ва бугунги кундаги ижобий самараси билан мамлакатимиз ёшларининг катта қизиқиши ва эътирофига сабаб бўлмоқда.
[gallery-14915]
Анъанага кўра, кўрик-танловнинг республика босқичи Бош қомусимиз қабул қилинган кун арафасида ўтказилди. Танлов жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимизнинг хоҳиш иродаси билан қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида ташкил этилгани билан ҳам диққатга сазовор.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти, “Ёшлар парламенти” аъзолари, фаоллар, ОАВ вакиллари ҳамда кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди.
Иштирокчилар танлов низомига кўра, таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу деб номланган учта шарт бўйича давлатчилигимиз ва қонунчилигимизнинг асоси бўлган Конституциямизни қанчалик билиши ва айни даврдаги қонунларимиздан хабардорлиги, қолаверса, саҳна ва нотиқлик маданияти борасидаги маҳоратини намоён этишга астойдил ҳаракат қилди.
Якуний натижаларга кўра, Фарғона вилояти вакили Сабринабону Неъматова кўрик-танлов ғолиби бўлди. Кейинги ўринлар Андижон вилоятидан Мадинабону Жўрабоевага, Сирдарё вилояти вакили Суннатилло Маъмуржоновга ҳамда хоразмлик Дилрабо Эгамовага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга партия Сиёсий Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, кўрик-танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА